Ўзгидромет Ўзбекистонда ҳафта давомида кузатиладиган об-ҳаво прогнози ҳақида маълумот берди. Унга кўра, душанба ва сешанба кунлари республиканинг кўп вилоятларида қуруқ ва жуда илиқ об-ҳаво сақланиб туради.

18 март куни Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларининг айрим жойларида, 19 март куни Қорақалпоғистон Республикасида ёмғир ёғиши мумкин. Ҳаво ҳарорати +15…+20 даража илиқ атрофида, баъзи жойларда +22 даража илиққача, жанубда +25…+28 даража илиққача бўлади.

20−22 март кунлари республика ҳудудига нам ҳаво кириб келиши кутилмоқда. Республика бўйича вақти-вақти билан ёмғир ёғади, 20−21 март кунлари баъзи жойларда кучли бўлади, айрим жойларда момақалдироқ бўлиши мумкин.

Ҳаво ҳарорати 20 мартда +15…+20 даража илиқ бўлади, 21−22 мартда +10…+15 даража илиққача аста-секин пасаяди.

Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 7−12 м/с тезликда эсади, 20−21 мартда баъзи жойларда 15−20 м/с гача кучаяди, айрим жойларда баъзида 25−28 м/с гача кучайиши мумкин. Тоғли ҳудудларда қор кўчиши хавфи сақланиб туради.