Шавкат Мирзиёев 18 март куни Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигида бўлиб, агентликнинг бугунги кундаги фаолияти ва режалари билан танишди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Лойиҳалардан бири «Агрокўмакчи» мобил иловаси бўлиб, унда ўсимликлар ҳимояси, бу соҳадаги хизматлар, фойдали маълумотлар, экспорт бўйича маслаҳатлар билан танишиш мумкин.

Яна бир лойиҳа Asiaexport.se платформаси бўлиб, у экспортчилар билан чет элдаги харидорларни ўзаро боғлайди. Унда нафақат мева-сабзавотлар ва қуритилган мевалар, балки шарбатлар, уй-рўзғор буюмлари, қандолатчилик, тўқимачилик, чармдўзлик ва фармацевтика маҳсулотлари каби кенг турдаги товарларлар ҳақида маълумотлар жойлаштирилади.

ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, қишлоқ хўжалиги

Шунингдек, агентликнинг халқаро ePhyto solution инновацион тизими доирасидаги ҳамкорлиги ҳақида ҳам ахборот берилди. Бу тизим орқали 119 та мамлакат билан фитосанитар сертификатлар электрон шаклда алмашилмоқда. Жорий йилда яна 8 та давлатга 25 турдаги маҳсулот бўйича фитосанитар рухсатнома олинади.

Мазкур қарорлар натижасида жорий йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини қарийб 2 миллиард доллардан 3,5 миллиард долларга ошириш кўзда тутилмоқда.

Давлат раҳбари бунинг учун экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, фермер ва деҳқонларнинг билимини ошириш зарурлигини таъкидлади.

ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, қишлоқ хўжалиги

«Бу соҳада ҳуқуқий замин бор, кўп давлатлар билан келишувларга эришганмиз. Лекин экспортчилар маҳсулотини қийинчилик билан сотяпти. Шунинг учун экспортчилар билан доимий мулоқот майдонини ташкил этиш керак. Ҳокимлар ҳудудда етиштирилаётган маҳсулотлар, элчилар ташқи бозордаги талаб ва нархлар билан экспортчиларни таништириб бориши зарур», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент мева-сабзавот маҳсулотларини халқаро талабларга жавоб берадиган, замонавий дизайнга эга ҳолатда қадоқлаш масаласига эътибор қаратди.

ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, қишлоқ хўжалиги

«Ўшанда сифат бўлади, миллий бренд яратилади, қўшилган қиймат ҳам баланд бўлади. Шунинг учун экспортчиларга тўғри, тартибли ва чиройли қадоқлашни ўргатиш керак», — деди у.

Президент муддати ўтган ва сифатсиз маҳсулотлар экспортга кириб келишининг олдини олиш бўйича тизимли ишлар муҳимлигини таъкидлади.

«Бу борада ҳам кластер тизими бўлиши керак. Таълимдан бошлаб, маҳсулотларни экиш, ўғитлаш, териб олиб, саралашгача бўлган ҳамма босқичларни ўзаро мувофиқ ва юқори сифатда йўлга қўйиш зарур» — деди давлат раҳбари.

ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, қишлоқ хўжалиги

Вазирлар Маҳкамасига ушбу тизимни такомиллаштириш ва экспортни тизимли равишда ташкил этиш бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқиш топширилди. Шавкат Мирзиёев халқаро ҳамкорликни кенгайтириш орқали экспорт ҳажмларини нисбатан қиммат бозорларга йўналтириш муҳимлигини таъкидлади.

Давлат раҳбари агентликнинг замонавий лабораторияси билан ҳам танишиб, унинг илмий салоҳиятини ошириш, жаҳон илм-фан ютуқларини ўзлаштириш ва тегишли идораларга тезкорлик билан жорий этиш бўйича кўрсатмалар берди.

Шу ерда агрокимё тизимида қўлланаётган техника ва ускуналар ҳам намойиш этилди.

Зарарли ҳашаротларга қарши курашиш учун хориждан юқори самарали энтомофаглар олиб келинган. Тажрибали мутахассислар иштирокида ҳар бир маҳсулотни етиштириш, сақлаш, қадоқлаш ва етказиб бериш бўйича кўлланмалар ишлаб чиқилган. 10 та кўчма лаборатория ташкил этилган.

ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, қишлоқ хўжалиги

Жорий йилда ҳудудларда яна 10 та кўчма лаборатория ташкил этиш режалаштирилган. 6 минг боғ, 3 мингдан ортиқ токзор ва далалар, 344 та қадоқлаш корхонаси халқаро фитосанитария талабларига мувофиқлаштирилиши керак. Пестицидлар муомаласидаги барча жараёнларни рақамлаштириш, сифатсиз пестицидларнинг олиб кирилиши ва ноқонуний савдосига чек қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Президент соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш, агентлик хизматлари ҳар бир фермер ва томорқа эгасига етиб боришини таъминлаш бўйича топшириқлар берди.