Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Сурайё Раҳмоновага Тошкент шаҳрида яшовчи В.Д.нинг Россиянинг Москва вилояти Люберци шаҳридаги васийлик органида бўлган набирасини қайтаришда ёрдам сўраб қилган мурожаати келиб тушди.

Аёл икки яшар невараси З.Н. бир ойдан бери васийлик органида эканини айтган. Унинг онаси З.А. болани энагасига қолдириб, олиб кетиш учун қайтиб келмаган, шундан сўнг энага полицияга мурожаат қилган. Полиция ходимлари болани васийлик органига топшириб, ташландиқ бола сифатида рўйхатга олиб, янги исм ва фамилия қўйган.

Болалар омбудсмани сўровига кўра, Ташқи ишлар вазирлиги ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вазиятни ўрганмоқда.

Ташқи ишлар вазирлиги, хусусан, қиз ҳеч қандай ҳужжатсиз васийлик органига олиб кетилгани ҳақида хабар берган. Шу туфайли Россия томони боланинг шахси суд томонидан аниқланиши ва қизнинг онаси билан муносабатини тасдиқлаш учун ДНК тести ўтказилиши кераклигини маълум қилган.

Қизнинг онаси Россиядаги судга қизи билан оилавий алоқаларини расман тасдиқлаш учун ариза билан мурожаат қилган.

Ўз навбатида, ижтимоий ҳимоя агентлигининг «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази Россиянинг васийлик ва ҳомийлик органларига қизча бувиси В.Д. қарамоғига топширилиши учун зарур ҳужжатларни юборган.

«Ҳозирда болалар омбудсмани, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Ички ишлар вазирлиги томонидан вояга етмаган З.Н.ни Россиядан Ўзбекистонга қайтариш бўйича барча чоралар кўрилмоқда», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, бир йил аввал Ўзбекистонда болани хорижда васийликсиз қолдирганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик жорий қилинган эди. Бу турдаги биринчи ҳолат ҳуқуқбузарлик деб баҳоланиб, БҲМнинг 10 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жаримага сабаб бўлади. Шунингдек, ҳуқуқбузар болани 30 кун ичида Ўзбекистонга қайтариши ёки ҳуқуқбузарликни бартараф этиши шарт.

Бундай ҳаракатлар такроран содир этилса ёки бола Ўзбекистонга қайтарилмаса, жиноий жавобгарлик юзага келади. Жиноят БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдордаги жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Оғирлаштирувчи ҳолатларда 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.