16 март куни Бухоро вилояти ИИБнинг икки нафар ходими гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишида иштирок этганликда гумонланиб қўлга олинди, деб хабар қилди ИИВ матбуот хизмати.

Улар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир доирасида жиноят содир этган вақтда қўлга олинган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш) ва 25-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Энг юқори жазо 20 йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутади.

ИИВ матбуот хизмати хабарида қуйидагича сўз боради: «Бугунги кунда барча давлат идоралари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида коррупция кўринишларига қарши муросасиз кураш давом этмоқда. Шу жумладан, ички ишлар органларида ҳам ўз сафларини турли ҳуқуқбузарликларни содир этишга мойил ходимлардан тозалаш ишлари жадал олиб борилмоқда».

Тергов ҳаракатлари бошланган. Баёнотда қайд этилишича, «Ҳеч бир кўринишдаги жиноий қилмишлар жазосиз қолмаслигини таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш ишлари давом этмоқда».

Facebook`даги «Ҳалк назорати» гуруҳида Бухоро вилояти ИИБнинг ички ишлар вазири ўринбосари Даврон Назармуҳамедовга йўлланган махсус мурожаати нусхаси эълон қилинди, унда ҳибсга олинган ҳар икки ходим майор лавозимида ишлаши айтилган. Ҳужжатнинг ҳақиқийлигини «Газета.uz»га Ички ишлар вазирлиги тасдиқлади.

Уларнинг биринчиси 2022 йил сентябрь ойидан буён Бухоро шаҳри 3-сонли ИИБ жиноят қидирув бўлинмаси бошлиғи (2010 йилдан ички ишлар бўлимида хизмат қилган), иккинчиси 2023 йил июль ойидан буён Бухоро вилояти ИИБ тезкор-қидирув хизмати жиноят қидирув бошқармаси гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш бўлими катта тезкор вакили бўлиб ишлаган (2012 йилдан ички ишлар органларида).