Мудофаа вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган Афғонистон ва Ўзбекистон чегарасида афғон ҳарбий вертолётининг уриб туширилгани ҳақидаги хабарга изоҳ берди.

Бу ҳақда Россия сиёсатшунослар жамияти таҳлилий маркази раҳбари Андрей Серенко ўзининг Telegram`даги каналида хабар берганди. Унинг сўзларига кўра, вертолёт гўёки Мозори Шарифдан Бадахшон томон учаётган бўлган. «У қандай қилиб Ўзбекистон ҳаво ҳудудига тушиб қолгани ҳозирча аниқ эмас», — дея таъкидлаган муаллиф. У, шунингдек, вертолёт бортида 15 дан ортиқ одам бўлганини қўшимча қилган.

«Ушбу хабарлар ҳеч қандай асосга эга эмас ва ҳақиқатга тўғри келмайди», — дейилади Мудофаа вазирлиги муносабатида.

Вазирлик ОАВ ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан фақат расмий маълумотларга таянишни сўради ва асоссиз ёлғон маълумот тарқатганлик учун жавобгарлик борлигини эслатди.