Инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов Самарқанд шаҳрида болага нисбатан зўравонлик ҳақида хабар берди. У 16 март куни Damas автомашинаси ичида оёқлари занжир орқали кишанланган ва бармоқлари ораси кесилган бола акс этган видеони эълон қилди.

Ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, видео «Боғишамол» маҳалласидаги «Озод Шарқ» кўчасида олинган.

«ИИО ходимлари зўровон шахснинг собиқ ходим эканини билгач, атрофдагиларга бу ҳолатнинг зўровонлик бўлмагани ҳақидаги далолатномага қўл қўйдиришибди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи собиқ ходими томонидан банди қилинган болакай ҳозирда Самарқанд шаҳар ИИБ 4-бўлимида, тақдирини билмаймиз. Aммо болани банди қилган, уни қийнаган одам уйида бемалол ўтирибди», — деб ёзади у.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 138-моддаси (Зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Унинг сўзларига кўра, ички ишлар органлари томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов жараёни назоратга олинган.