15 март куни Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Миллий қурултой йиғилишини ўтказиб, унда маҳаллий тарихий обидаларни муҳофаза қилишдан тортиб, мамлакат гербини ўзгартиришгача бўлган бир қатор ташаббуслар билан чиқди. «Газета.uz» Қозоғистон раҳбари нутқидан энг қизиқарли гапларни танлаб олди.

Зиёлилар ҳақида

Қозоқ зиёлилари ўтмиш ҳақида баҳслашмасдан, миллий бирлик масалаларига эътибор қаратишлари керак, деб ҳисоблайди Тоқаев.

«Халқ бирлиги зиёлиларнинг бирлигидан бошланади. Бошқача айтганда, жамиятимиздаги таниқли ва обрўли инсонлар ўртасидаги бирдамлик ва ҳамжиҳатлик муҳим аҳамиятга эга. Улар ўрнак бўлиши, миллат бирлигини мустаҳкамлаш, ёш авлодни тўғри тарбиялашга ҳисса қўшадиган чинакам катта ва бунёдкор мавзуларда гапириши керак», — деди у.

Сўнгги пайтларда, Қозоғистон президентининг сўзларига кўра, жамиятда «узоқ ўтмиш, машҳур тарихий шахслар»нинг турли воқеалари муҳокамаси авж олган.

«Биз тарихимизга ҳалол ва холисона назар ташлашимиз ва уни қандай бўлса шундай қабул қилишимиз керак. Тарихимиз миллатни бирлаштирувчи омилга айланиши керак. Тан олишимиз керакки, биз баъзида тарихни ҳаддан ташқари ҳиссиёт билан қабул қиламиз. Ўтмиш ҳақида кўп ўйлаш бизга фойдадан кўра кўпроқ зарар келтиради. Ўтмишни ҳеч ким ўзгартира олмайди… Бизга самарасиз суҳбатлар ва чексиз тортишувлар эмас, бирдамлик ва ҳамжиҳатлик керак», — дея таъкидлади Тоқаев.

Тарихий объектлар ҳақида

Тоқаев Қозоғистон ҳукуматига Манғистов вилоятидаги Устюрт платоси ва ер ости масжидларини ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритиш, шунингдек, мамлакат тарихий обидаларини муҳофаза қилишни кучайтириш бўйича ишларни бошлашни топширди.

«Бой тарихий ва маданий меросимизни асраб-авайлаш учун археологик фаолиятда тартибни тиклаш зарур. Профессионал археологларнинг кескин танқислиги ва қазиш ишларини лицензиялашдаги тизимли бўшлиқлар Қозоғистонда турли тадбиркорларнинг археологиядан устун бўлишига олиб келди. Катта миқдордаги пул эвазига улар қурилиш компанияларига у ёки бу ернинг гўёки тарихий ва археологик аҳамиятга эга эмаслиги ҳақида сохта илмий хулосалар беришади», — деди Қозоғистон раҳбари.

У Қозоғистондаги «қора археологлар» муаммосига ҳам тўхталиб ўтди. «Охирги йигирма йил ичида мамлакатимизнинг кўплаб муҳим археологик ёдгорликлари том маънода талон-торож қилинди. Шу даражага етдики, Қозоғистон ҳудудидан аниқланган қимматбаҳо топилмалар шахсий қозоқ ва хорижий коллекцияларда, шунингдек, дунёнинг турли музейлари экспонатларида топилади», — деди Тоқаев.

Археология соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, ноқонуний археологик қазишмалар учун жавобгарликни ва тарихий-маданий мерос объектларини реставрация қилиш соҳасидаги тартибга солишни кучайтириш бўйича топшириқлар берди.

Миллий кийимлар ҳақида

Тоқаев Қозоғистоннинг айрим компаниялари ва таълим муассасалари томонидан жорий этилаётган миллий услубдаги кийим кийиш амалиётини қўллаб-қувватлади.

«Ушбу тўғри ташаббусни қўллаб-қувватлаш ва кенгайтириш керак. Бу, айниқса, ҳозир жуда муҳим. Гап шундаки, сўнгги йилларда мамлакатимизда қора либосга ўранганлар кўпайди. Бу ҳақда ҳамма билади. Ва улар бегона эмас, ўзимизнинг юртдошларимиз, — деди Қозоғистон президенти. — Қора либосга бурканиш халқимиз дунёқарашига зид ва диний ақидапарастлик туфайли ёт меъёрлардан ўйламай нусха кўчиришдир. Биз маънавий илдизларимиздан узилиб, миллий ўзлигимизни емирмаслигимиз керак».

Тоқаевнинг сўзларига кўра, қозоқ жамиятига ёт диний ғояларни, жумладан, кийим-кечакнинг архаик шакллари кўринишида сингдириш истаги «анъанавий асослар ва қадриятларга очиқ даъво ҳисобланади».

Гербни ўзгартириш ҳақида

Тоқаев ўз нутқида давлат рамзларини ўзгартириш масаласини кўтарди. У Қозоғистон байроғини «стилистик жиҳатдан бенуқсон» деб билади, мамлакат мадҳияси эса, унинг фикрича, қозоқ халқининг «қадриятлари ва руҳини ўзига сингдирган».

«Давлат гербига келсак, Қозоғистон гербини тушуниш жуда қийин, унда эклектизм [турли хил қараш, ғоя ва назарияларнинг энг яхши жиҳатларини танлаб олишга интилиш — таҳр.] ва Совет даври белгилари борлиги ҳақидаги мутахассислар ва бефарқ бўлмаган фуқаролар, жумладан, ёшларнинг асосли далилларини инобатга олиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман», — дейди у.

Тоқаев гербни ўзгартиришнинг «барча жиҳатларини» кўриб чиқадиган ва жамоатчилик муҳокамасини ўтказувчи махсус комиссия тузишни таклиф қилди. Кейин, унинг сўзларига кўра, Қозоғистон янги гербининг энг яхши эскизи учун очиқ танлов эълон қилиш керак.

Жамиятдаги шафқатсизлик ҳақида

Қозоғистонда оиладаги зўравонлик, буллинг ва тажовузнинг кучайиши кўринишида хавотирли тенденция кузатилмоқда, деди Тоқаев.

«Очиғини айтсам, жамиятимизда зўравонлик кўп бўлган. Инсонни ҳақорат қилишга, камситишга, калтаклашга тайёр бўлганлар кўп, тез ёрдам машинаси ва жамоат транспорти ҳайдовчиларига қилинган ҳужумни ҳамма кўргандир», — деди давлат раҳбари.

Тоқаевнинг сўзларига кўра, қозоғистонликлар «бу ижтимоий касалликлар ҳақида очиқ гапиришлари» керак. «Фуқароларимиз уйда ҳам, жамоат жойларида ҳам ўзларини хавфсиз ҳис қилишлари керак. Мамлакатимизнинг ҳамма жойида қонун ва тартиб ҳукмрон бўлсин. Энг муҳими, юксак ахлоқий маданиятли авлодни тарбиялашимиз керак», — дея қўшимча қилди у.

Тоқаев вандализмни қозоқ жамиятидаги яна бир салбий ҳолат деб атади. «Афсуски, жамоат мулкидан тортиб, кўп асрлик маданий меросгача бўлган барча нарсага кенг миқёсда зарар етказиш аллақачон одатий ҳолга айланган… Турар-жой биноларидаги лифтларни, ҳовлилардаги болалар майдончаларини, кўчалардаги автобус бекатларини бузиш нега керак?! Буларнинг барчаси тарбиясизлик ва маданиятсизликдан далолат беради», — деди у.

Анъанавий қадриятлар ҳақида

Қозоғистон ўзининг дунёвий мақомини ҳар томонлама мустаҳкамлаши керак, лекин у Ғарб тенденцияларига эргашмайди, деди Тоқаев.

«Қозоғистон давлатчилигимиз ва ижтимоий маънавиятимизга путур етказмайдиган барча динлар, қарашлар ва таълимотларга ҳамиша бағрикенглик билан муносабатда бўлади. Аммо биз Ғарб ва бошқа йўналишлар таъсирида маданиятимизга ёт бўлган ва дунёнинг дуалистик асосига зид бўлган қадриятларни тарғиб қилаётганларнинг йўл-йўриғига эргашмаймиз ва эргаша олмаймиз ҳам», — деди у.

Қозоғистон раҳбари мамлакатнинг бу борадаги позициясига «сиёсий вазият ҳам, дунёнинг янги тенденциялари ҳам таъсир қилмаслигини» таъкидлади. «Биз анъанавий оилавий қадриятларни қатъий ва изчил ривожлантиришимиз керак», — деди у.

Тоқаев, шунингдек, «ислом қонунлари ўта бузуқ, догматик шаклда қабул қилинган» оилаларда юз бераётган аёлларга нисбатан камситиш ва тазйиқ ҳолатларига эътибор қаратишга чақирди.

«Бундай оилаларда ҳаёт фан ва техника ютуқлари амалда бўлган XXI аср руҳига зид бемаъни тақиқ ва буйруқлар асосида қурилади. Афтидан, одамлар атайлаб ўрта асрлардаги ахлоқ ва хулқ-атвор моделларига ўтиб кетяпти», — деди президент.

У Қозоғистонда келин ўғирлаш амалиётини «ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайдиган очиқ-ойдин маърифатсизлик» деб атади ва, президентнинг фикрича, бу «нафақат маънавий қоралашни, балки ҳуқуқий баҳо беришни ҳам талаб қилади».