Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 13 март куни ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун жазони кучайтирувчи қонунни имзолади.

Хусусан, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат жойлари, омборлар, ётоқхоналар ва турар жой биноларида, тегишли объектларни лойиҳалаш, қуриш ҳамда реконструкция қилиш вақтида ёнғинга қарши воситалардан фойдаланиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш ёки ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун жарима миқдори оширилмоқда.

Биринчи қоидабузарликда фуқаролар учун жарима миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,1−1 бараваридан (34 минг − 340 минг сўм) 1−3 бараваригача (340 минг − 1,02 млн сўм), мансабдор шахслар учун БҲМнинг 1−3 бараваридан 3− 7 бараваригача (1,02−2,38 млн сўм) оширилади.

Йил давомида такрор содир этилган қоидабузарликлар учун жарима миқдори фуқароларга БҲМнинг 3−5 бараваригача (1,02−1,7 млн сўм), мансабдор шахслар учун 7−15 бараваригача (2,38−5,1 млн сўм) оширилади. Ҳозирги вақтда ушбу ҳуқуқбузарлик учун жарималар мос равишда БҲМнинг 1−3 ва 3−7 бараварини ташкил қилади.

Фуқаролар учун ёнғин содир бўлишига олиб келган қоидабузарлик учун жарима миқдори БҲМнинг 3−5 бараваридан 5−7 бараваригача (1,7−2,38 млн сўм), мансабдор шахслар учун эса БҲМнинг 7−10 бараваридан 15−20 бараваригача (5,1−6,8 млн сўм) оширилади.

Шахснинг эҳтиётсизлиги ёки ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлиги туфайли уй-жой фондида одамларнинг соғлиғига зарар етиши ёхуд ўзганинг мол-мулки шикастланиши ёки унинг йўқ қилиниши билан боғлиқ бўлмаган тарзда ёнғин содир бўлганда мазкур шахс ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликдан озод қилинади.

Ўрмонларда ёнғин хавфсизлиги талабларини бузганлик, ёнғин келиб чиқишига сабаб бўлганлик учун жарима жазоси жорий этилмоқда (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 84-моддаси 3-қисми). Бунда жисмоний шахслар БҲМнинг 10−15 баравари (3,4−5,1 млн сўм), мансабдор шахс эса 20−25 баравари (6,8−8,5 млн сўм) миқдорида жарима тўлаши керак.

Бундан ташқари, турли даражадаги ёнғин инспекторлари қўллаши мумкин бўлган жарималар миқдори оширилади (249-модда). Якка тартибдаги тадбиркорлар, уларнинг ходимлари, мансабдор шахслар, корхоналар томонидан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётганда ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар жиноят ишлари бўйича судларда кўриб чиқилмайди, балки давлат ёнғин назорати органларининг (245-модданинг 3-қисми) юрисдикциясига киради.

Қонун 15 июндан кучга киради.