13 март куни Вазирлар Маҳкамасининг «Мойли уруғларни қайта ишловчи корхоналарнинг экспорт салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан ўсимлик ва мева уруғлари ёғларини Ўзбекистон божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқиш (экспорт қилиш) бўйича чекловлар бекор қилинади. Кунгабоқар ва пахта ёғи ҳамда аралаш ёғлар бундан мустасно.

Шу билан бирга, 2022 йил 1 июндан жорий этилган кунгабоқар ва ўсимлик ёғи, шунингдек, кунгабоқар уруғлари ва бошқа ёғли ўсимликларни экспорт қилиш бўйича чекловлар қисман олиб ташланади.

Корхоналарга ўзлари импорт қилган ўсимлик ёғлари ҳамда мойли экинлар (пахта, кунгабоқар ва соя) уруғларини қайта ишлашдан олинган ўсимлик ёғларини белгиланган миқдорларда экспорт қилишга рухсат берилади. Хусусан, ёғ ишлаб чиқарувчилар кунгабоқар, соя, пахта ва бошқа ўсимлик ёғларининг 50 фоизгача, кунгабоқар уруғининг 35 фоизгача, пахта чигити ва соя уруғининг 17 фоизгача қисмини экспорт қилиш имкониятига эга бўлади.

Бунинг учун 2024 йил 1 январдан бошлаб импорт қилинадиган ўсимлик ёғларининг импорти ҳажмлари ҳисобга олинади.

Бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоровга аҳолининг асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланганлик даражаси ва ички бозордаги нархлар барқарорлигидан келиб чиққан ҳолда, импорт қилинган ўсимлик ёғининг 50 фоизидан ошмаган миқдорда экспорт қилишга рухсат беришни бекор қилиш ҳуқуқи берилди.