БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) томонидан тайёрланган Инсон тараққиёти индексида (Human Development Index) Ўзбекистон дунёнинг 193 мамлакати ва ҳудуди орасида 106-ўринни эгаллади. Индекс 2022 йилги маълумотларни тақдим этади. Мамлакат 2021 йилга нисбатан бир поғонага тушган.

Мамлакатлар инсон тараққиётининг учта асосий кўрсаткичи бўйича баҳоланди — умр кўриш давомийлиги, кутилаётган ва амалдаги таълим давомийлиги ҳамда аҳоли жон бошига сотиб олиш қобилияти паритети бўйича ялпи миллий даромад кўрсаткичи.

Ўртача умр кўриш давомийлиги 71,7 йил бўлган ўзбекистонликлар 12 йил ўқийди, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи даромад эса 8056 долларни ташкил қилади.

Ўзбекистоннинг Инсон тараққиёти индекси 2022 йилда 0,727 ни (максимал кўрсаткич — 1,000) ташкил этди. Мамлакат инсонпарварлик индекси юқори бўлган давлатлар тоифасига кирди. Рейтингда Ўзбекистон Миср ва Вьетнам ўртасида жойлашган.

Марказий Осиё давлатларидан Қозоғистон индексда 67, Туркманистон 94, Қирғизистон 117 ва Тожикистон 126-ўринни эгаллади.

Индекс етакчиси 0,967 кўрсаткич билан Швейцария бўлди. Ундан кейин Норвегия ва Исландия жойлашди. Кучли бешликка Гонконг ва Дания ҳам кирди.

Тенгсизлик ва «демократия парадокси»

БМТТДнинг инсон тараққиёти бўйича янги ҳисоботи «Берк кўчадан чиқиш: қутбланган дунёда ҳамкорликни қайта кўриб чиқиш» деб номланади. Мутахассис прогнозларига кўра, 2020 ва 2021 йиллардаги кескин пасайишдан сўнг, инсон тараққиёти индекси 2023 йилда рекорд даражага етади.

«Бироқ бу тараққиёт чуқур тенгсизлиги билан ажралиб туради. Бой давлатлар инсоният тараққиётининг рекорд даражасини бошдан кечирмоқда, шу вақтда камбағал мамлакатларнинг ярми инқироздан [коронавирус пандемиясидан] олдинги даражасидан пастлигича қолмоқда», — дейилади ҳисоботда.

БМТТД раҳбари Ахим Штайнер бой ва камбағал давлатлар ўртасидаги тенгсизликни камайтириш бўйича барқарор тенденция тескари йўналишга бурилганини таъкидлади. «Дунёдаги жамиятлар бир-бири билан чамбарчас боғланган бўлса-да, биз тенгсизликка қарши кураша олмаяпмиз. Ўзаро боғлиқлигимиз бераётган имкониятлардан унумли фойдаланишимиз керак», — деди у.

Ҳисоботда айтилишича, халқаро жамоавий ҳаракатлар муваффақиятига ҳозирги «демократия парадокси» тўсқинлик қилмоқда. Ҳисобот шуни кўрсатдики, дунё бўйлаб ҳар 10 кишидан 9 нафари демократияни маъқуллайди, бироқ глобал сўровда қатнашганларнинг ярмидан кўпи уни зарарлаши мумкин бўлган раҳбарларни қўллаб-қувватламоқда.

Бутун дунё бўйлаб сўровда қатнашганларнинг ярми ўз ҳаётларини назорат қила олмаслигини айтмоқда, учдан икки қисмидан кўпроғи эса ҳукумат қарорлари устидан ҳеч қандай таъсир кучига эга эмасман, деб ҳисоблайди.

Мутахассисларнинг фикрича, сиёсий қутбланиш глобал оқибатларга олиб келадиган яна бир кучайиб бораётган муаммодир. Ҳисобот муаллифларига кўра, у фақат ички манфаатларга йўналтирилган сиёсий ёндашувларни кучайтиради, бу эса иқтисодий декарбонизация, рақамли суиистеъмол ва можаро каби муаммоларни ҳал қилишда глобал ҳамкорлик қилишга тубдан зид ҳисобланади.

Ҳисоботда, шунингдек, популистик ҳукуматга эга бўлган мамлакатларда ЯИМ ўсиш суръатлари пастроқ эканини кўрсатадиган тадқиқотлардан иқтибос келтирилади. Популистик ҳукумат ҳокимиятга келганидан 15 йил ўтиб, аҳоли жон бошига ЯИМ нопопулистик сценарийга қараганда 10 фоизга паст бўлади.