Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида 15 ёшли мактаб ўқувчиси машина ўғирлагани учун 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда «Миллар» теледастури лавҳа эфирга узатди, Тошкент шаҳар судлари уни ўз Telegram каналида эълон қилди.

Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди мазкур йигитнинг ишини мактабда сайёр суд тартибида кўриб чиқди. Маълум бўлишича, фуқаро машинасини йўқлигини кўриб, ички ишларга мурожаат қилган. Машина ҳалокатга учраган ҳолатда топилган. «Моддий зарар қоплаб бергандан сўнг даъвом йўқ», — дейди машина эгаси.

«Амаким билан уришиб уйдан чиқиб кетгандим. Қайтиб уйга киргим келмади. Адашиб шўхлик қилдим. Бошқа қайтарилмайди», — дея ҳолатга изоҳ берди судланувчи йигит.

Аниқланишича, ўсмир йигит бундан олдин ҳам 2 марта машина олиб қочган. У бу ҳақдаги судловчининг сўровини тасдиқлади.

Суд ҳукмига кўра, унга Жиноят кодексининг 267-моддасининг 1-қисми (Транспорт воситасини олиб қочиш) ва 85-модда (Вояга етмаганларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш) билан айбдорлик эълон қилиниб, ўсмир 3 йилга озодликка маҳрум қилинди. У жазони тарбия колонияларида ўтайди.