Марказий банк ўзининг 2024 йил 14 мартдаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш бўйича қарор қабул қилди, дея хабар бермоқда регулятор матбуот хизмати.

«Марказий банк бошқаруви иқтисодиётда талаб ва таклиф мутаносиблигига эришиш бўйича ноаниқликлар ва инфляцияни оширувчи кутилмаларнинг сақланиб қолаётганлигини инобатга олиб ҳамда инфляциянинг 5 фоизлик таргетигача пасайтириш учун зарур пул-кредит шароитларини таъминлаш мақсадида асосий ставкани ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди», — дейилади хабарда.

Умумий инфляция йил бошидан пасайиб, февраль ойида 8,3 фоизни ташкил этди. Бироқ, сўнгги ойларда юқори талаб ва бир қатор тартибга солинадиган нарх ва тарифларнинг ошиши фонида хизматлар инфляцияси тезлашиши кузатилган. Бундан ташқари, аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари деярли ўзгаришсиз, юқорилигича қолмоқда.

«2024 йил охиригача инфляция 8−9 фоизлик прогноз диапазони доирасида шаклланиши кутилмоқда. Прогноз даврида тартибга солинадиган нархлар ўзгариши ва уларнинг инфляцион кутилмаларга таъсири бўйича ноаниқликлар сақланиб қолмоқда», — дея қайд этган регулятор.

Дастлабки маълумотларга кўра, асосий ишлаб чиқариш кўрсаткичлари 2023 йилнинг январь-февраль ойларига
нисбатан юқори суръатларда ўсган.

Регулятор, шунингдек, айрим тармоқларда, хусусан йил бошидан озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш динамикасининг сустлашиши қисқа муддатли истиқболда ички бозорда талаб ва таклиф номутаносиблигини келтириб чиқариши ёки импортга қўшимча босимни яратиши мумкинлигини таъкидлаган.

«Умуман олганда, биринчи чорак якунлари бўйича иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари нисбатан юқорироқ шаклланиши кейинги чоракларда базавий прогноз доирасида 5,5−6 фоиз бўлиши борасидаги кутилмаларни кучайтирмоқда», — дейилади хабарда.

2023 йилги ва 2024 йил бошидаги юқори фискал харажатлар келгуси чоракларда ялпи истеъмол фаоллигини қўллаб-қувватловчи асосий драйверлардан бўлиши айтилган.

Регулятор айни пайтда трансчегаравий пул ўтказмаларининг 2023 йилги кўрсаткичлар доирасида шаклланаётгани ҳамда аҳоли реал даромадларининг жорий ўсиш суръатлари келгусида истеъмол талабига қўшимча проинфляцион босим яратмаслигини қайд этган.

Меҳнат бозорида юқори фаоллик ва ишчи кучига талабнинг ошиши кузатилмоқда. Ишчи кучига талабнинг асосий ўсиши хизматлар соҳасига тўғри келиб, ушбу соҳада иш ҳақиларнинг юқори шаклланишга ҳам олиб келмоқда. Айни пайтда, хизматлар соҳасида нархлар ва даромадларнинг мунтазам ошиши шароитида иқтисодиётда мазкур соҳаларга инвестициялар ҳажми ва жорий истеъмол харажатларидаги улуши ортиб боради.

Импорт динамикасида машина ва ускуналар, энергетика ва нефть маҳсулотлари, қора металлар импортининг юқори ўсиши давом этиши бир томондан келгусида ишлаб чиқариш ҳажмлари ошишига замин яратса, иккинчи томондан савдо баланси тақчиллигининг сақланиб қолишини ҳам билдириши таъкидланган.

«Жорий операциялар ҳисобининг мувозанатга келиши белгиланган фискал интизомнинг таъминланиши, хорижий инвестициялар оқими ва иқтисодиётни экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган таркибий ислоҳотларнинг натижадорлигига боғлиқ бўлади», — дея таъкидлаган регулятор.

Марказий банк нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари кейинги чоракларда ҳам сақланиб қолишини қўшимча қилган. Банклараро пул бозорида йил бошидан юқори фаоллик ва пул-кредит инструментларидан фойдаланиш ҳажмининг ортиб бориши фонида UZONIA фоиз ставкаси асосий ставкага яқин даражада шаклланиб боради.

Жамғариш фаоллиги ошишда давом этиб, бу хусусан, миллий валютадаги депозитлар ҳажми ўсишида намоён бўлади. Умуман олганда, депозитларнинг йиллик ўсиш суръатлари кредитлаш ҳажмининг ўсишидан сезиларли даражада юқори бўлиши кутилмоқда. Шунингдек, банкларнинг ресурс базасида ички ва хусусий манбалар улуши ортиб бориши, ўз навбатида, бозор фоиз ставкаларида акс этади.

Регулятор миллий валютада ажратилган кредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкаларида сўнгги ойларда сезиларли ўзгариш кузатилмаганини қайд этган. Айни пайтда, пул-кредит сиёсати операцион механизмига киритилган сўнгги ўзгартиришлар қисқа муддатли пуллар нархини пасайтириш орқали келгусида кредитлар бўйича фоиз ставкаларининг ҳам пасайишига замин яратиб бориши айтилган.

«Марказий банк инфляциянинг 5 фоизлик таргетига эришишга қаратилган изчил пул-кредит сиёсатини амалга оширишда давом этади. Бунда иқтисодиётдаги талаб ва таклиф мутаносиблигига, инфляцион кутилмаларга ва тартибга солинадиган нархларнинг ўзгариш динамикасига алоҳида эътибор қаратилади», — дея қайд этган регулятор.

Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2024 йил 25 апрелга белгиланган.

Марказий банк сўнгги марта асосий ставкани 2023 йилнинг 17 мартида 15 фоиздан 14 фоизгача пасайтирган ва шундан буён ўзгаришсиз қолдириб келмоқда.