«Ўзэнергоинспекция» ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар 2024 йилнинг ўтган даврида (январь-февраль) ўтказган назорат тадбирларида 2156 та истеъмолчи табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди.

Улар 88,5 млн метр куб табиий газ (132,7 млрд сўм) ва 77,3 млн кВт⋅соат электр энергиясидан (қарийб 83 млрд сўм) ноқонуний фойдаланган. «Ўзэнергоинспекция» ахборот хизматининг хабар беришича, аниқланган ҳолатлар натижасида давлат манфаатларига жами 215 млрд 648 млн сўм зарар етказилган.

Шунингдек, сўнги икки ойда 42 та ҳолатда крипто актив ва майнинг фаолияти бўйича электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган истеъмолчилар аниқланди. Электр таъминоти корхонаси ҳолат бўйича жами 26 млрд 82 млн сўм (7 млн 999 минг кВт⋅соат) миқдорни қайта ҳисоб-китоб қилди.

Энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик бўйича 1 минг 484 та маъмурий иш расмийлаштирилди — 795 таси электр энергияси, 689 таси эса табиий газ.

Шунингдек, хусусий автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида 22 та ҳолатда 131 минг литр сифатсиз нефть маҳсулоти аниқланиб, сотувга чиқарилиши олди олинди.

Инспекция томонидан истеъмолчиларга Давлат хизматларини кўрсатиш бўйича сўнги икки ойда жами 1 минг 692 та объектнинг электр таъминоти лойиҳалари экспертизадан ўтказилди. Унга кўра, 979 та истеъмолчининг электр қурилмалари электр тармоқларига уланди.

Шунингдек, энергетика объектларига тегишли 259 та объектнинг электр таъминоти лойиҳалари келишилиб, шундан 189 та объектнинг электр қурилмаси ишга тайёрлиги бўйича хулосалар берилди.