Ҳиндистон Ички ишлар вазирлиги фуқаролик тўғрисидаги қонунга аввалроқ ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан мусулмон аҳолини камситиш сифатида танқид қилинган тузатишлар кучга кирганини эълон қилди, деб хабар бермоқда Reuters.

Тузатишлар диний озчиликларга мансуб қочқинлар учун фуқароликни тез суръатда олишни назарда тутади, лекин мусулмон жамияти аъзолари бундан мустасно. Хусусан, қонун Афғонистон, Бангладеш ва Покистондан қочиб, 2014 йилгача Ҳиндистонда қўним топган ҳиндулар, буддистлар, насронийлар, зардуштлар ва синхларга нисбатан қўлланади.

Қонунга киритилган ўзгартиришлар дастлаб 2019 йилда қабул қилинган эди, бироқ бутун мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари бошланганидан кейин унинг кучга кириши кечиктирилганди. Оқибатда ўнлаб одамлар ҳалок бўлган, юзлаб одамлар жароҳат олган.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари фикрича, ўзгаришлар Ҳиндистондаги 200 миллион мусулмонни камситиши ва кенг кўламли иммиграцияга олиб келиши мумкин. Янги қонун БМТ томонидан ҳам танқид қилинди ва у «тенглик — ҳамма учун» тамойилига зид экани таъкидланди.

Мамлакат Ички ишлар вазирлиги, ўз навбатида, қонун «йиллар давомида қувғиндан азият чеккан ва дунёда Ҳиндистондан бошқа бошпанаси йўқларга» мўлжалланганини ва унинг ижроси гўёки COVID-19 пандемияси туфайли кечиктирилганини таъкидлади.

11 март куни кечқурун, тузатишлар кучга кирганидан кейин Ҳиндистоннинг Ассам ва Тамилнад штатларида норозилик намойишлари бошланди. Полиция билан тўқнашувлар ва вайронагарчилик ҳақида хабарлар йўқ, дея қайд этди Reuters.

  • Ҳиндистон расмийларининг қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш ташаббуси бўйича режалари парламент сайловларига уч ҳафта қолганида эълон қилинди, натижада Ҳиндистоннинг амалдаги бош вазири Нарендра Моди учинчи муддатга ўз лавозимида қолиши мумкин. У ҳинд миллатчи Bharatiya Janata Party (BJP) партиясини бошқаради.