Хоразм вилояти Гурлан туманида яшовчи Л.К. фарзанди бошланғич синфда таҳсил олаётган 34-мактабда таълим сифати пастлиги юзасидан болалар омбудсмани Сурайё Раҳмоновага мурожаат қилди.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил матбуот хизматининг хабар беришича, мурожаатда аёл мактаб директори Қ.Қ.га ўқитувчилар А.З. ва Д.А.ларни билим даражаси етарли эмаслиги сабабли алмаштиришни сўраб мурожаат қилгани айтилади.

Директор шикоятга эътибор қилмаган. Мактаб фаолиятининг қониқарсизлиги юзасидан бошқа органларга қилинган мурожаатлар ҳам натижа бермаган.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига болалар ҳуқуқлари бўйича вакилнинг мурожаати йўлланган. Шунга кўра, вилоят таълим бошқармаси ишчи гуруҳи томонидан вазият ўрганилиб, бола Д.Д. таҳсил олаётган синфда таълим сифати талаб даражасида эмаслиги тасдиқланган.

Икки нафар ўқитувчига ҳайфсан берилди, директор эса таълим сифатини ошириш, ўқитувчилар фаолиятини назорат қилиш зарурлиги ҳақида огоҳлантирилди, дейилади хабарда.