Ўзбекистон бўйича ушбу иш ҳафтаси давомида беқарор об-ҳаво сақланиб туради, дея хабар бермоқда Ўзгидромет хизмати агентлиги.

Душанба куни ҳудуднинг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди. Фақат Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида, куннинг иккинчи ярмида Бухоро, Навоий вилоятларида ва кечга томон Қашқадарё, Самарқанд вилоятларида баъзи жойларда ёмғир ёғади. Ҳаво ҳарорати +15…+20 даража атрофида бўлади.

Сешанба куни республиканинг кўпчилик вилоятларида ёмғир ёғади. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида ва Фарғона водийси вилоятларида ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати +8…+13 даражагача пасаяди. 11−12 март кунлари республиканинг айрим жойларида момақалдироқ бўлиши мумкин.

Чоршанба куни ёмғир ёғади, ёмғир асосан фақат кечаси ва эрталаб кузатилади, кундузи ёғингарчилик кутилмайди. Фақат Тошкент вилоятида ва Фарғона водийси вилоятларида кундуз куни ҳам ёмғир ёғиши мумкин.

Пайшанба куни республиканинг марказий ва шарқий ҳудудларида жадаллиги асосан бироз бўлган ёмғир ёғади, айрим жойларда ёмғир қорга айланиши эҳтимоли бор. Республика шимолида ва жанубида ёғингарчилик кутилмайди.

13−14 март кунлари республика ҳудудига совуқ ҳаво массалари кириб келиши давом этади ва 14 мартга келиб, ҳаво ҳарорати кечаси 0…+5 даражагача, кундузи +3…+8 даражагача пасаяди.

15 мартда республиканинг барча ҳудудлари бўйича ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати −3…+2, кундузи +6…+11 даража бўлади. Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 7−12 м/с тезликда эсади, 11−12 мартда баъзи жойларда 15−18 м/с гача кучаяди.

Тошкент шаҳрида душанба куни кундузи ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат +17…+19 даража бўлади. 12 мартда ёмғир ёғади. Шамол тезлиги 12−15 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳарорат кечаси +7…+9, кундузи +9…+11 даража бўлади.

13−14 мартда вақти-вақти билан ёмғир ёғади, 14 мартда ёмғир қорга айланиши мумкин. Ҳарорат кечалари 0…+3, кундуз кунлари +3…+8 даража бўлади. 15 мартда ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат кечаси −3…+2, кундузи +6…+11 даража бўлади.