Маънавият тушунчасининг аниқ бир чегараси йўқ, бу индивидуал тушунча ва ҳар бир инсоннинг ўзини маънавий чегараси бор. Бу ҳақда 11 март куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маданият вазири Озодбек Назарбеков қайд этди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Тадбирда охирги пайтларда маданият соҳаси вакилларининг айримларини телевидение, айниқса, интернетда номақбул ҳаракатлари тез-тез кузатилаётгани, вазирликда уларни назорат қилиш ва самарали таъсир чоралари кўриш ваколати бор ёки йўқлиги ҳақида савол берилди. Қизиқчи Шукрулло Исроиловнинг яқинда хусусий телеканалларнинг бирида жонли эфир вақтида қилган хатти-ҳаракати мисол қилиб келтирилди.

Вазир Озодбек Назарбеков мазкур саволга жавоб бераркан, бу каби саволлар доим тренддалиги ва кўп берилишини таъкидлади.

«Бир нарсани тўғри тушунишимиз керакки, биз демократик давлатда яшаяпмиз ўртоқлар. Маданият вазирлиги боғча опа эмас, ҳар битта соҳа вакилининг олдига бориб, „сен нотўғри гапириб қўйибсан, ундай дема, бундай дегин“, [демайди]. Сизлар 40−50 ёш одамлар ҳақида гапиряпсизларда. У одамларга маънавиятдан, одобдан гапиришнинг ўзида қанчалик мантиқ бор? 50 ёшли одамга оддий боғчада гапирадиган ёки мактабда ўргатадиган нарсалар тўғрисида вазир шуғулланиши керакми? Нима деб ўйлайсизлар? Бу демократик нормага тушадими ёки йўқми? Бунга шундай қараш керак», — деди у.

Унинг таъкидлашича, санъат вакилларининг тармоқларда тарқалган ножўя ҳаракатлари ёки гап-сўзлари вазирлик томонидан ўрганилиб, суҳбат ўтказилади.

«Бизни тавсиявий характердаги профилактикамиз мавжуд. Бу каби ҳолатларга „ҳеч ким индамаяпти, Маданият вазирлиги жим ўтирибди“, десаларингиз хато бўлади. Биз мана шундай хурмача қилиқлар чиқиши биланоқ, ўша ижодкор билан гаплашамиз ва огоҳлантирамиз, керак бўлса, ёздириб оламиз. Интернетда чиқаётган хурмача қилиқларнинг бирортаси шундайлигича қолиб кетгани йўқ. Лекин уларга чора кўрсак, иккинчи тараф бош кўтаради, либерал тараф мутлақ норози бўлади. Бу каби ҳолатлар бошимиздан жуда кўп ўтди ва ҳозир ҳам ўтяпти», — деди вазир.

Назарбековнинг сўзларига кўра, маънавият индивидуал тушунча ва ҳар бир одамнинг шахсий маънавий чегараси бўлади.

«Маънавият тушунчаси, аввало, ҳар бир инсоннинг ички маданиятига боғлиқ бўлган нарса. Маънавиятнинг чегарасини ҳамма ҳар хил кўради. Чегаранинг уёғи маънавиятсизлик, буёғи маънавият, деган аниқ тартиб йўқ. Бу индивидуал тушунча, ҳар бир инсоннинг ўзини маънавий чегараси бор, ўша чегарани бузмаслик керак ва у чегара хилма-хил бўлади. Кимдир тармоқдаги ўз чиқишини ёки хатти-ҳаракатини маънавият, деб ўйлайди. Чунки бу унинг шахсий тушунчаси. Аммо вазирлик тавсиявий тарзда доим профилактика олиб борамиз. Бу каби ҳолатлар бўлганида на вазирлик, на „Ўзбекконцерт“ ўз ҳолига ташлаб, томошабин бўлиб турмайди», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил февралида Маданият вазири ўринбосари Баҳодир Аҳмедов «Ўзбекконцерт»да йиғилиш ўтказиб, хонандаларнинг маданиятсизлиги ва савиясиз ижодини танқид қилган эди. Шунингдек, Умра зиёратидан пиар йўлида фойдаланаётган ва фарзандини ҳужрага топширган санъаткорлар ҳақида ҳам гапирганди.