«Ўзбекконцерт» давлат муассасасида 24 февраль куни «санъат аҳлининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, муассасанинг 2022 йил сарҳисоби ва 2023 йил режалари ҳамда „Контрафактсиз ой“ ойлигига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида амалга ошириладиган ишлар» муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишни маданият ва туризм вазири ўринбосари Баҳодир Аҳмедов олиб борган.

Вазир ўринбосарининг санъаткорлар ижоди ва одобига бағишланган сўзлари видеоси «Дарё» томонидан эълон қилинди. Йиғилишда халқ артистлари Фаррух Зокиров, Женисбек Пиязов, хизмат кўрсатган артистлар Азим Муллахонов, Абдулла Шомағрупов, Ғиёс Бойтоев, Самандар Ҳамроқулов, Мавлуда Асалхўжаева, хонандалар Манзура, Дилшод Раҳмонов, Жаҳонгир Позилжонов, Имрон, қизиқчи Валижон Шамсиев, «Миллион» кулгу жамоси раҳбари Даврон Кабулов ва бошқалар иштирок этганини кўриш мумкин.

Йиғилиш хонанда Каниза Аҳмедова иштирокидаги тадбирларда олинган видеолавҳалар тарқалиб, унинг кийими ва хатти-ҳаракатлари тармоқда қизғин муҳокама қилинаётган бир вақтда ўтказилган. Айнан шу йиғилишда Каниза Аҳмедовани лицензиядан маҳрум этиш тўғрисидаги қарор «бир овоздан» қабул қилинган. Хонанданинг ўзи «шамоллаб ётгани учун мажлисга боролмагани»ни айтиб, унинг устидан чиқарилган қарорни қоралаган ва соғайгач, маданият вазирининг «саройи»га боришини таъкидлаган.

«Газета.uz» вазир ўринбосарининг сўзларини матнга туширди. Амалдорнинг маърузасида мавзулар тез ўзгаргани, кутилмаганда у мавзудан бу мавзуга ўтиш ҳолатлари борлиги учун, бир-бирига яқин мавзудаги фикрлар алоҳида бўлимчаларда жамланди.

«Рамкада юриш керак»

Вазир ўринбосари айрим санъаткорлар «рамка»дан чиқиб кетаётганини таъкидлаган.

«Яна ақллилик қиляпти деманглар-у, лекин (қўли билан томоғини кўрсатиб, „жонга тегяпти“ маъносида) мана бу ерга келяпти. Кекирдагини чўзади — қаергача борасан? Нима қиласан? Мана, телевидениенг ҳам оляпти, бошқа нарсанг ҳам оляпти — рамкада юриш керак озгина, озгина ёнга кириш керак», — деди у.

Баҳодир Аҳмедов тез орада соҳада тартиб-интизом жой-жойига қўйилишини маълум қилган.

«Қарорлар чиқади, ҳаммаси ўзининг жойига тушади. Эртами-индинми, аста-секин жамият ўз сўзини айтади. Ҳеч нарса тўхтаб қолмайди. Мендан олдингилар ҳам ишлаб кетган, мендан кейингилар ҳам ишлаб кетади. Вақти-соати билан ҳаммаси жойига, изига тушади, тушмасдан иложи йўқ. Ё тушади, ё (кўрсаткич бармоғини тепага ишора қилиб — таҳр.) тушириб қўяди. Арқонни узун ташлаб қўйибди ҳозир. Келган пайтда „сен жуда менинг ишимга аралашвордингми“ деб бир тортади, етти қатламни тагига кириб кетиб қолади», — деган вазир ўринбосари.

«Ўзбекконцерт» раҳбари Даврон Шералиев (чапдан биринчи). Фото: «Ўзбекконцерт» матбуот хизмати«Ўзбекконцерт» раҳбари Даврон Шералиев (чапдан биринчи). Фото: «Ўзбекконцерт» матбуот хизмати

Йиғилиш давомида вазирлик вакили «Ўзбекконцерт» раҳбари Даврон Шералиевни «ёзув-чизувдан қўрқмай» ҳаракат қилишга чақирган.

«Ҳаммасини ўзини жой-жойига қўйиш керак. Ҳеч нарса бўлмайди. Ёзув-чизуви, фисқу фасод… Ҳали жудаям кўп бўлади — мана шу йиғилишдан кейин ҳам бошланади. Қўрқма, қил. Бу нарсалар қачондир жойига келиши керак, қачондир бу нарсалар ўзгариши керак. Қўрқиш йўқ, қонун бор, қоида бор. Ҳаммасини ўзини жойига қўйиш керак. Бу цензура эмас! Буни ўйлаш керак. Кейинини ўйлаш керак, аввалини ва кейинини ўйлаш керак», — деб қўшимча қилган Баҳодир Аҳмедов.

«Менталитетга мос санъатни олиб чиқ»

Баҳодир Аҳмедов хонандаларни менталитетга мос бўлган қўшиқлар яратишга даъват қилган.

«Эски-эски қўшиқларни олиб чиқяпти. Ижод бўлмаганидан кейин нима қилиш керак? Шоир йўқми? «Почка»лаб китоб чиқариб, «почка»лаб шеър ёзиб ётибди. Навоий ғазалларини беркитиб қўйганмизми? Кутубхона тўлиб ётибди. Бобур ғазалларини ёпиб қўйганмизми? Кутубхона тўлиб ётибди. Ол қўлингдан келса, ижод қил», — деди вазир ўринбосари.

«Сўзининг мантиғи йўқ қўшиқларни айтасан, яна ақллилик қиласан. Саҳнага чиқиб, яланғоч гапларни гапирасан, яна бировни рўкач қиласан, „қани бу нарса, қани у нарса“, деб. Менталитетга мос ва хос бўлган, миллатнинг ҳурматини жойига қўядиган, ота-оналар маза қилиб кўрадиган, эъзозлайдиган санъатни олиб чиқ. Етиб келолмаяпмизми ўшанга? Вақт ҳам йўқ шу нарсага», — деди у.

«Умрага бориб, қандай қилиб ўзингни реклама қиласан?»

Баҳодир Аҳмедов санъаткорларнинг Умра зиёратига бориб, у ерда суратларга тушиб, ўзини кўз-кўз қилишини танқид қилди.

«Аллоҳнинг уйига бориб, ибодатингни қилгин! Расмга олиб, ўзингни реклама қилишнинг нима кераги бор? Сен у ерга ибодатга боргансан. Қандай қилиб [бундай иш қиласан], эй, Худо хайрингни бергур. Аллоҳнинг уйи-ку. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам равзаларига ўзингни реклама қилишга бормайсан», — деди вазир ўринбосари.

«„Арғумоқ остингдадир, тоғларни кез, боғларни кез, Ногаҳон бу арғумоқ остингда бўлгай-бўлмагай!“, дейди… Белингдаги мадор, оёғингдаги қувват бўлади. Эртага ҳаммаси кетади. Ой ўтар, кун ўтар, битта-битта ўзингни тарк этади тананг. Чўккалатиб, ўтқазиб қўйиб сўрайди. Ҳар битта қилган гапимиз, сўзлаган сўзимизга жавоб беришимиз керак. Кундан-кун ёш ўтган сари одамни ўзига-ўзи савол келиб чиқаверади. „Нима дейман эртага“, — дейди. Шунинг учун тўғри тушунинглар, тўғри қабул қилинглар», — дея қайд этган у.

Баҳодир Аҳмедов одам ичидаги «мен»ини, ўзини босиб олиши кераклигини уқтирган.

«Жамият ўзини тушуниб, ўзлигини англамагунча Маданият вазирлигининг, Озодбек Назарбековнинг олдидаги 140 киши билан ҳамма нарсага ҳам қурби етмайди. Ўзингни англа дегани — аввал жамият ўзини англаш керак, одам ўзини англаш керак. Биттаси ғийбат қилса, [одамлар унинг олдидан] «соғ бўл» дея икки марта қайрилиб кетса, иккинчи ғийбат қилмайдиган даражага келиши керак. Одам ичидаги «мен»ини озгина босиши керак. «Менда бор, унда бормикин?», деган саволни бериши керак. «Шуни кўз-кўз қилсам, нимага эришаману, кўз кўз қилмасам нимага эришаман», деган нарса бўлиши керак. Одам сал ерда юриши керак», — деди у.

баҳодир аҳмедов, каниза, маданият ва туризм вазирлиги, ўзбекконцерт

Баҳодир Аҳмедов 2023 йилнинг дастлабки икки ойи ичида санъаткорларга нисбатан 4 та маъмурий ва 2 та жиноий иш очилганини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, айрим санъаткорлар ўз фарзандларини диний билим олиши учун ҳужраларга топширган.

«Бизда Ислом университети бор, ислом таълим муассасалари бор — Бухорода, Самарқандда, Тошкентда. Жуда кўп олимларимиз у ерда дарс беради. Шунга қарамай, 5 нафар санъаткор ўз фарзандларини ҳужрага берган», — дея маълум қилган у.

Ёдгор Саъдиевни «ғийбат қилганлар»га: «Ҳей, кимсан сен ҳали?»

Маданият ва туризм вазири ўринбосари ўз чиқиши давомида халқ артисти Ёдгор Саъдиев сўкингани билан боғлиқ ҳодисага тўхталиб, унинг бу хатти-ҳаракатини тушунтиришга уринган (айни вақтда, гап айнан қайси воқеа ҳақида кетаётганига, халқ артистини ким «ғийбат қилгани»га аниқлик киритилмаган).

«Биттаси Ёдгор ака Саъдиевни ғийбат қилибди. Ҳей, кимсан сен ҳали?! Сен у кишига ўхшаб иккита ролни қойиллатиб ўйнаб қўй, одамни диёнатга чорлаб қўй. Жаҳли чиққанда, асаби бузилгандан сўкади-да, керак бўлган пайтда. Ёмон бўлсин, деб сўкадими? Ёмон бўлсин деб гапирадими? [Йўқса] нима кераги бор бу одамга?», — деди вазир ўринбосари.

«Унвонию ордени, ҳамма [билан] мулоқоти бор. Кўчага чиқса, ҳамма қўлини кўксига қўйиб, „ассалому алайкум“ дейди, 7 ёшдан 70 ёшгача ҳамма ҳурмат қилади. Қайси бир давлатга, қайси бир юртга борса, МДҲ давлатларида ҳурмат билан ҳурматини жойига қўйишади. Ўтирган креслосини, аравасини бир тортиб кўргин аввал, қанақа оғирлигини биласан», — деди Баҳодир Аҳмедов.

«Концертдан кейин санъаткорларнинг хоналарига қаранглар — аҳволини кўрасиз»

Баҳодир Аҳмедов санъаткорларнинг маданияти ҳақида гапираркан, уларга чет элликларни намуна қилиб кўрсатган.

«Кўчага чиқиб, биттаси сигаретининг қолдиғини ерга ташлаётган бўлса, олдига бориб, „кечирасан оғайни, ердан яралганмиз, ерга қайтамиз, агар ер қабул қиладиган бўлса, ерга нарса туфламагин“ деёлмайди. Писта пўчоғини ташласа, „менинг юртим бу, ол ердан“, деёлмайди. Лекин ғайридинлик одам қайсидир давлатда „ол!“ дейди, „мана, қутичага сол“ дейди, „чекма, аравада боламни олиб кетяпман, ёнимда чекма, нариёққа бор“, дейди. Биз шу гапларни гапиролмаймиз-ку?», — деди вазир ўринбосари.

«Мозорга кирганда ҳам, лаҳаднинг олдида ҳам сигарет чекиб, ерга ташлаймиз. Биттамиз туриб, „оғайни, бу ерда замонавий гапни гапиришга ҳам ҳаққинг йўқ“, — деган гапни ҳам гапиролмаймиз-ку. Лекин сиёсат оламию бошқа нарсага келган пайт ҳаммаёқ пилдир-пилдир», — деди Баҳодир Аҳмедов.

«Агар зўр бўлсангиз, кўчага чиқинг — кўчани қаранг, баклажкани қаранг. Онамиз тенгилар сариқ кийим кийволиб, ўша ерларни тозалайди, совуқда, ҳамма қаҳратон қишда, -23 ҳароратда ўтирганида ўшалар кўчада қор кураб юрди. Ҳақиқат-ку бу», — деди у.

««Халқлар дўстлиги»да битта концертдан кейин санъаткорларнинг хоналарига қаранглар, аҳволини кўрасиз. Мана-ку маданият. Япон футболистларини айтишади: ҳаммаёқни йиғиштириб, бир марталик идишларни ҳам ювиб, таъзим қилиб чиқиб кетади, деб. Ўша японлар ҳам маданиятини кўрсатяпти. Ғийбат, фисқу-фасоддан қанча қолди? Анчами? Ким жавоб беролади?», — деган у.

баҳодир аҳмедов, каниза, маданият ва туризм вазирлиги, ўзбекконцерт

Вазир Озодбек Назарбеков қандай ишлаётгани ҳақида

Маданият ва туризм вазири ўринбосари Баҳодир Аҳмедов ўз чиқишида на туризмда, на маданият соҳасида бирор иш қойил қилинаётганини таъкидлаган.

«„Маданиятда зўр“ [деб] ўйламанглар. Очиғини айтаман — ҳеч қанақа зўр эмас, туризмни ҳам қойиллатиб қўяётган жойимиз йўқ, маданиятни ҳам қойиллатиб қўяётган жойимиз йўқ. Биз фақат гапиришни биламиз. Бир пайтлар устозлар яратиб қўйган санъат бор эди. Ушлаб туролмадик-ку, пайти келганда ўша санъатга қўйган пойдеворни, ушлаб қололмадик-ку… Биттанг бориб, ёнимда туриб берадиган одам дейдиган нарса йўқ-ку. Ёзишни билади, ёзиб гапиришни билади. Гап ундамас. Одам туриб бериш керак: ўша миллатни маданияти учун, санъати учун», — деган у.

Баҳодир Аҳмедовнинг қайд этишича, вазирлик раҳбари Озодбек Назарбеков ҳозир тиним билмай ишламоқда.

«Вазирликни «обсуждат» қилишни йиғиштиринглар. Ўша вазир [Озодбек Назарбеков]нинг ҳам кўзи учиб турган жойи йўқ [эди]. Ҳозир «Халқлар дўстлиги»да 20 кун концерт қўяман, деса, 4 та жойда афиша илса, рекламасини қилса, 20 кун концерти тўлади. Ҳозир Тожикистонга бориб қўйса, ҳар куни… Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Россиядан, қанча- қанча давлатлардан келаман деганлар… Шу жойларга бориб, концертини қўйса, бемалол тирикчилиги ўтади, бемалол ҳамма нарсаси етади. Йўқ, юртбоши айтдими, шу жойда ўтирасан, шу аравани тортасан, дедими… у ҳам тинаётгани йўқ. Мен [вазирликни бошқараётган] пайтда келганди. Мен ҳозир унинг қўлида ишлаяпман. Лекин у ҳам тинаётгани йўқ», — деди у.

«Ойлик тўғрисида гапирмайди. Солист вақтлари ҳар ой икки марта чет элга чиқиб келарди, маблағи ҳам етарди, эркин қуш эди… Битта гапини ушлаб олиб, ҳар хил ғийбат, фисқу фасод… Ким „ошибка“ қилмайди? Қолганлар тилладанми? Ҳамма „ошибка“ қилади, ҳамма камчилик қилади. Қайсидир сўзда, қайсидир жойда нотўғри гапларни ишлатиб қўйиши мумкин. Ушлаволиб, одамнинг устидан мағзава тўкиш керакмас. Шерик ҳам бўлиш керак эмас», — дея қўшимча қилган Аҳмедов, гап қайси «фисқу-фасод» ҳақида кетаётганига аниқлик киритмаган.