11 март куни Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманидаги қурилишда ишлаётган ишчи ходимнинг бошига қолип (опалубка) тушиб кетган, оқибатда у вафот этган. Бу маълумотни «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот хизмати тасдиқлади.

Хабарда айтилишича, ҳолат «Янги Дархон» маҳалласида, King House МЧЖ томонидан қурилаётган кўп қаватли уйда содир бўлган. 2001 йилда туғилган Б.Ш. бошига 14-қаватдан қолип тушиб кетиб, вафот этган.

Дастлабки суд тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, ўлимга ҳаёт билан номутонасиб жароҳат, бош мия очиқ жароҳати, калла гумбази асосий суякларининг юз суякларига ўтувчи синишлари, боя мия лат еб мажағланиши, умуртқа поғонаси ва орқа мия ёпиқ жароҳати, олтинчи ва еттинчи кўкрак умуртқалари синишлари, орқа мия лат ейиши, кўкрак қафаси ёпиқ тўмтоқ жароҳати, тўш суяги, ўпкалар лат еб ёрилишлари, бош соҳаси эзилиб йиртилган яраси, ташқи ва ички қон йўқотиш, ички аъзолар кам қонлиги сабаб бўлган.

Тошкент шаҳри прокуратураси ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди.