17 мартдан 1 июлгача Боку шаҳридаги (Озарбайжон) Ҳайдар Алиев марказида «Чоклардаги мерос: Ўзбекистон каштачилик ва тикувчилик анъаналари бўйлаб саёҳат» кўргазмаси бўлиб ўтади. Бу ҳақда Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси матбуот хизмати хабар берди.

Кўргазмада ХIХ аср охири — ХХ аср бошларига оид 148 дан ортиқ безакли амалий санъат намуналари ва халқ либослари тақдим этилади. У уч қисмга бўлинади:

  • эркаклар миллий либосининг ажралмас қисми бўлмиш зардўзи тўнлар тақдим этилган чопонлар бўлими;
  • Бухоро, Жиззах, Нурота, Самарқанд, Шаҳрисабз ва Тошкент сўзана намуналари намойиш этиладиган каштачилик бўлими;
  • Бухоро, Самарқанд ва Қорақалпоғистон заргарлик буюмлари бўлими.

Ташриф буюрувчилар қадимги усталарнинг кумуш, фируза ва бошқа қимматбаҳо тошлардан ясалган асарларини томоша қиладилар. Шу билан бирга, кўргазма ХIХ аср охири — ХХ аср бошларидаги ҳунармандчиликнинг тикланишини ҳам акс эттиради.

Кўргазма очилишидаги маданий дастур доирасида 16−17 март кунлари Озарбайжон давлат академик мусиқали театри саҳнасида Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси кўмагида илк бор Озарбайжонда «Лазги. Муҳаббат ва қалб рақси» балет спектакли намойиш этилади.

Машҳур немис балетмейстери Раул Раймондо Ребекнинг таъсирчан саҳна асари ЮНEСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган қадимий Хоразм рақси — лазгисига бағишланган.