Тошкентда Ўзбекистон халқ рассоми, Бадиий академия раиси Акмал Нурнинг «Ичимдаги ичимдадир» номли шахсий кўргазмаси давом этмоқда. Экспозиция рассомнинг Яшнобод туманидаги шахсий галереясида ташкил этилган.

акмал нур, кўргазма, бадиий академия

Кўргазманинг 27 февраль куни бўлиб ўтган очилиш маросимида кўплаб таниқли шахслар, хусусан, Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси Аурелиа Бушез, собиқ ташқи ишлар вазири Владимир Норов, халқ артистлари Фаррух Зокиров ва Женисбек Пиязов ҳамда бошқалар қатнашди.

Кўргазмада мусаввирнинг сўнгги беш йил давомида чизган 70 та асари намойишга қўйилган. «Кўргазмадаги мазкур асарлар беш йиллик ижод маҳсулимнинг бир қисмини ташкил этади. Уларни асосан 2022−2023 йилларда чизганман. Қолган кўплаб асарларим чет эл давлатларида ўтказилаётган кўргазмаларда намойиш этилмоқда», — деди у.

акмал нур, кўргазма, бадиий академия

Кўргазма номи ҳақида тўхталаркан, рассом шундай деди: «Менинг ҳам ичимда яна бир Акмал Нур бор. Икки Акмал Нур кўпинча бир-бири билан келиша олмайди: ўзаро тортишади, мулоқот қилади, битта саволга турли жавоб беради, иккиланишлар пайдо бўлади. Баъзан ўзимни қийнашни бошлайман. Чунки атрофимда бўлаётган ҳолатлар билан ҳамма вақт ҳам келишолмайман. Натижада ички туғёнлар ва курашлар бошланади. Шу сабабли ҳам кўргазма номини „Ичимдаги ичимдадир“ деб номладим».

Акмал Нур мазкур кўргазмага қўйилган асарлари томошабин дунёқараши, фикрлари, дидини «озгина бўлса ҳам ижобий томонга ўзгартиришга туртки бериши»дан умидвор.

«Ижодимдаги асосий мавзу ўша-ўша: ишқ ва муҳаббат. Қолаверса, сўнгги пайтларда ички туғёнлар, атроф-муҳитга нисбатан бўлаётган муносабатлар ҳам ижодимга таъсир қиляпти. Менимча, ҳар бир инсон ўзи билан ўзи курашса керак. Менда ҳам ана шу кураш бор ва бу давом этяпти. Бу кураш баъзида яхши натижалар беради, гоҳида ножўя томонлари ҳам бўларкан. Кўргазмага қўйилган асарларимнинг барчасида мендаги ички ҳолатлар: хурсандчиликлар ҳам, ранжишлар ҳам ўз аксини топган», — деди Акмал Нур.

«Мен кўпроқ инсоннинг кўнгил экологияси билан шуғулланаман ва асарларимда ҳам шуни тасвирлашга ҳаракат қиламан. Агар кўнгил экологияси тоза бўлса, атроф-муҳит ҳам шунга яраша бўлади. Биз, аввало, ўзимизни тарбиялашимиз керак. Табиатга ҳам шу тарбиядан келиб чиқиб муносабат кўрсатамиз. Афсуски, охирги пайтларда тарбиямиз кўпроқ салбий томонга қараб кетди. Тарбиямиз сабаб атроф-муҳитимиз ҳам шунга яраша бўлиб қолди, шундай катта-катта муаммолар келиб чиқяпти. Биз ўзимизни ҳам, нафсимизни ҳам тийиб олишимиз керак», — деди Ўзбекистон халқ рассоми.

Акмал Нурнинг «Ичимдаги ичимдадир» асариАкмал Нурнинг «Ичимдаги ичимдадир» асари

12 йилдан буён Ўзбекистон бадиий академиясини бошқариб келаётган Акмал Нур раҳбарлик ва унинг ўзига хос қийинчиликлари шахсий ижодига қанчалик таъсир кўрсатаётганига оид саволга шундай жавоб берди: «Вақт масаласи менда ҳам муаммо бўлади. Чунки раҳбарликнинг ўзига яраша масъулияти бор, кўпчилик учун жавобгар ҳисобланасиз. Мен бу жавобгарликни ҳар доим ҳис қилиб яшайман. Шу билан бирга ҳар қандай лавозим вақтинчалик нарса эканини ҳам ҳеч қачон унутмайман. Мен барибир ижодкорман. Ҳар куни — кечаси камроқ ухласам ҳам — нимадир қиламан, ижодимни тўхтатганим йўқ», — деди у.

Ҳар беш йилда бир кўргазма ташкил этиш Акмал Нурга хос. У нега айнан шундай йўл тутишини ҳам тушунтирди.

«Нафақат рассомман, балки раҳбарлик масъулияти ҳам бор. Шунинг учун ижод қилишга ва ижод маҳсулини кўрсатишга ҳамма вақт ҳам шароит бўлавермайди. Агар тез-тез кўргазма ташкил қилаверсангиз, томошабиннинг жонига тегишингиз мумкин. Мен эса асарларимни мухлисларни соғинтириб кўрсатишни хоҳлайман. Аммо, шунга қарамай, сўнгги беш йилда Жанубий Корея, Япония, Хитой ва бошқа хорижий мамлакатларда шахсий ва жамоавий кўргазмаларни ўтказдик», — деди у.

акмал нур, кўргазма, бадиий академия

Рассомнинг таъкидлашича, одамлар ҳар нарсани моддият билан ўлчашни одатга айлантираётган бугунги кунда тасвирий санъат кўргазмаларини ўтказиш жуда ҳам зарур.

«Ҳозир тез ривожланаётган замонда яшаяпмиз. Мана шу даврда одамлар ички ҳис-туйғуларини унутиб қўйиб, прагматик бир қуруқ муносабатга эга шахсга айланиб қоляпти. Ҳамма нарсага ҳисоб-китоб билан ёндашадиган, ҳар бир нарсага моддият билан қарайдиган, ўз фойдамизни ўйлайдиган бўлиб қолдик. Кўргазмаларга келган одам салбий қадамларни ташлашдан тўхтайди, деб ўйлайман. Бу дунёда нафақат моддият, балки руҳият ҳам борлигини билдириш, асарларимни кўриб, ўзига ўзи савол бериши ва жавоб олиши, руҳий дунёсида кўмилиб ётган ҳис-туйғуларини озгина бўлса ҳам уйғотиш — асосий мақсадим. Ана шунга эришиш учун қилинган ишларимнинг барчаси кўнгил, ишқ, муҳаббат ва ички туғён, андуҳ билан боғлиқ», — деди Акмал Нур.

Маълумот учун, Акмал Нур 1987 йилдан буён Ўзбекистондаги ва халқаро кўргазмаларда ўз асарлари билан иштирок этиб келади. Унинг ижодий ишлари Ўзбекистон, Швейцария, Нидерландия, Германия, Бельгия, Италия, Австралия, АҚШ, Исроил, Канада, Марокаш, Ҳиндистон, Туркия, Россия, Қозоғистон музейлари ва хусусий коллекцияларда сақланади.

Ўзбекистон Бадиий академияси академиги (1997) ва раиси ҳисобланган Акмал Нур 2003 йилда Ўзбекистон халқ рассоми, 2019 йилда эса «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан тақдирланган. Бундан ташқари, у 2023 йилда «Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг эзгу ният элчиси» фахрий унвони ҳамда 2024 йили Япония императорининг «Чиқаётган қуёш катта кордон» ордени билан ҳам мукофотланган.