Сенат раиси Танзила Нарбаева бошчилигида бир йил муддатда — 2025 йил 8 мартга қадар хотин-қизлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш ва уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича махсус комиссия тузилмоқда. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 7 март куни Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган маросимдаги нутқида айтиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, комиссия ҳар бир ҳудудда «фавқулодда ҳолат» режимида иш олиб боради, «мутлақо янгича ёндашувлар ва тизим асосида» хотин-қизларни касбга ўргатиш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш бўйича ишлар ташкил этилади.

Мазкур комиссияда Халқ банки раисининг ўринбосари Гулзода Рашидова хотин-қизларнинг бизнес ғояларини молиявий қўллаб-қувватлаш учун масъул бўлади.

Шунингдек, Савдо-саноат палатаси, Бизнесни ривожлантириш банки ва Микрокредитбанкда ҳам аёллар тадбиркорлигига кўмаклашиш бўйича алоҳида раис ўринбосарлари иш бошлайди. Ана шу раҳбарлар ҳар бир вилоят, ҳар бир туман, ҳар бир маҳаллада янги бизнес ғояларига эга хотин-қизларни аниқлаш, уларнинг ташаббусларини рўёбга чиқариш, лойиҳаларини сифатли ишлаб чиқиш ва амалга оширишга ҳар томонлама кўмак беради, деди Шавкат Мирзиёев.

«Вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари, ҳокимларнинг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарлари ҳамда фаол аёллар комиссия билан биргаликда жорий йилда 9 минг 442 та маҳалладаги 580 минг нафарга яқин ишсиз аёлларнинг бандлигини таъминлаш учун масъул этиб белгиланади», — деди у.

Маҳаллаларда оилавий тадбиркорликка ажратилаётган кредитларнинг камида 40 фоизи хотин-қизлар таклиф этаётган лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади. Шу мақсадда улар учун ҳар бир ҳудудда ҳунармандчилик ва тадбиркорлик марказлари, кластерлар ташкил этилиб, уларда 205 минг нафар хотин-қиз меҳнат бозорида талаб юқори касбларга тайёрланади ва тадбиркорлик асосларини ўрганади.

«Ёшлар дафтари»га» киритилган 8 минг нафар хотин-қизга тадбиркорлик фаолиятини бошлаши, асбоб-ускуналар сотиб олиши учун субсидиялар, 10 минг нафарига имтиёзли кредитлар ажратилади.

«50 минг нафар ёш аёллар учун малакали мутахассислар иштирокида „Бизнес марафон“ лойиҳаси ташкил этилади. Ушбу лойиҳа доирасида юзлаб қобилиятли қизларимизга ўз бизнесини йўлга қўйиш бўйича амалий ёрдам берилади», — деди президент.

Бир ой муддатда хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш бўйича алоҳида дастур қабул қилиниб, лойиҳаларни амалга ошириш учун 15 триллион сўм, жумладан, оилавий тадбиркорлик лойиҳаларига 6 триллион сўм ажратилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг Саудия Арабистони, Қатар, Япония, Жанубий Корея ва Германиядаги элчилари аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш учун 100 миллион доллар миқдорида грантлар жалб этишни режалаштирмоқда, деди давлат раҳбари.

Бундан ташқари, «Қизлар академияси» платформаси яратилиб, 100 минг нафар хотин-қизга молиявий, ҳуқуқий, психологик, репродуктив билим бериш йўлга қўйилади.