Аёлларнинг, хусусан, қиз боланинг ўқиб, олий маълумотли бўлиши, касб-ҳунар эгаллаши оила бахти, фарзандлар камоли учун, шу асосда бутун жамият равнақи учун хизмат қилади, дея таъкидлади президент Шавкат Мирзиёев 7 март куни Тошкентда ўтказилган Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимда.

«Бугун дунёда мураккаб ва оғир вазият, иқтисодий инқироз ҳукм сурмоқда. Табиийки, бу ҳолат мамлакатимизга ҳам ўз салбий таъсирини кўрсатмоқда. Бундай шароитда ижтимоий соҳалар учун бюджетдан маблағ ажратиш албатта осон бўлаётгани йўқ. Лекин қанчалик қийин бўлмасин, биз қўшимча имконият топиб, ижтимоий соҳаларни ривожлантириш, хотин-қизларимизнинг ўз салоҳиятини рўёбга чиқаришлари учун шароит яратмоқдамиз ва бу ишларимиз албатта давом этади», — деди у.

«Ҳар йили аҳолимиз сони қарийб 900 минг нафарга кўпаймоқда. Жорий ўқув йилида 733 минг нафар фарзандларимиз биринчи синфга қадам қўйди. Эртага ҳаётимизга қудратли тўлқин бўлиб кириб келадиган ана шундай навқирон авлодимиз тимсолида биз Янги Ўзбекистон бунёдкорларини кўрамиз», — деди президент.

«Шу боис, ўғил-қизларимизни жисмоний ва маънавий баркамол этиб тарбиялаш, уларни миллий ғурур, ватанга муҳаббат, умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида вояга етказиш барчамизнинг асосий бурчимизга айланиши зарур», — деди у.

«Бугунги таҳликали замонда жаҳон миқёсида кучайиб бораётган радикализм, экстремизм, терроризм, одам савдоси, гиёҳвандлик, ҳаётга енгил-елпи, истеъмолчилик кайфияти билан қараш каби хатарлардан ёшларимизни ҳимоя қилиш ўта долзарб масалага айланмоқда», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент мамлакатдаги барча хотин-қизларга мурожаат қилиб, фарзандлар таълим-тарбиясига эътиборни кучайтиришга чақирди.

«Азиз опа-сингиллар, оилада фарзанд тарбиясига эътиборни кучайтирайлик, боғча, мактаб ва олийгоҳларга кириб борайлик. Ўқитувчи ва мураббийлар билан кўпроқ мулоқот қилиб, фарзанд ва набираларимизнинг ўқиши, давомати масаласи, ахлоқ-одоби билан қизиқайлик. Болаларимизни билимли ва ақлли, оқни қорадан ажрата оладиган, эл-юртимизга содиқ, ҳаёли ва иболи, мустаҳкам иродали инсонлар этиб тарбиялаш учун барчамиз биргаликда ҳаракат қилайлик», — деди у.

«Биз маънавий тарбия ишларини энди мутлақо янгича усулда олиб боришимиз керак. «Эзгулик — шиоримиз, маърифат — қуролимиз» деган ғоя асосида бу жараённи аввало оиладан, маҳалладан бошлашимиз лозим. Зотан, ҳадиси шарифда айтилганидек, «Ота-она ўз фарзандига яхши тарбиядан бошқа мерос қолдиролмайди», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Чиндан ҳам, жондан азиз болаларимиз ҳамма ҳавас қиладиган таълим ва тарбия олса, биласизларми, жамиятимиз, ҳаётимиз қандай ўзгаради? Ҳал қилувчи аҳамиятга эга бу вазифани адо этишда биз аввало сиз, азизларга ишонамиз ва таянамиз», — деди давлат раҳбари.