1 апрелдан иссиқлик таъминоти хизматларига қўшилган қиймат солиғининг ноль ставкаси бекор қилинади, деб эслатди Veolia Energy Tashkent матбуот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, шу кундан бошлаб сув таъминоти, канализация ва санитария жиҳатдан тозалаш хизматлари учун ҳам ҚҚСнинг «ноль» даражали ставкасини қўллаш бекор қилинади. Бу ўзгартиришлар йил бошида Солиқ кодексига киритилган эди.

Бу нима дегани?

1 апрелдан иссиқлик ва иссиқ сув таъминоти хизматлари учун ҳақ тўлашда белгиланган тарифга 12 фоиз ҚҚС қўшилади. Илгари ушбу хизматларни кўрсатиш бўйича айланмада ҚҚСнинг ноль ставкаси қўлланарди.

ҚҚС қаерга кетади?

ҚҚС давлат бюджетига тушади, у иссиқлик тарифининг бир қисми ҳисобланмайди.

ҚҚС аванс (олдиндан) тўловларига таъсир қиладими?

Таъсир қилади, лекин фақат 2024 йил 1 апрелдан бошлаб. Ҳозирги ҳолатда тариф қайта ҳисоб-китоб қилинмайди. ҚҚС солиқ ҳисобланади, тарифнинг бир қисми эмас, шунинг учун 1 апрелдан бошлаб иситиш хизматлари учун барча тўловлар ҚҚС билан тўланади.

Иссиқлик энергиясини сотишда ҚҚСни ҳисоблаш Солиқ кодексининг 242 ва 265-моддаларига мувофиқ амалга оширилади.

Солиқ қўмитаси ҚҚСнинг ноль ставкаси бекор қилинишининг тарифга таъсирини тушунтирувчи видеоролик эълон қилди.

Видео