Президент Шавкат Мирзиёев 6 март куни Тошкент вилоятининг туман ва шаҳарларидаги имкониятларни тўлиқ ишга солиш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказди, дея хабар берди давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Йиғилишда ҳудудда на савдо, на ер-сув, на транспорт-транзит имкониятларидан тўла фойдаланилмаётгани таъкидланди. Баъзи кўрсаткичлар бундай қулайликлар бўлмаган айрим чекка ҳудудлардагидан ҳам пастлиги қайд этилди.

Тошкент вилоятида 15 та туман ва 7 та шаҳар бор. Ҳудуд қулай географик маконда, воҳа ва водий вилоятларини пойтахт билан боғлайдиган муҳим транспорт йўлагида жойлашган.

Бироқ пойтахт «жадал ривожланаётганида унинг ёнидаги вилоят ҳудудлари бу суръатдан ортда қолмоқда». Масалан, Тошкент, Зангиота, Қибрай, Юқори Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ туманларида саноат ҳажми ёндош пойтахт туманларига нисбатан бир неча баробар кам. Қурилиш соҳасида ҳам шу аҳвол, дейилади хабарда.

«Бир қатор кичик тадбиркорлар фаолиятини тўхтатган. 29 та йирик корхонада ҳамда Бекобод ва Янгийўл шаҳарларида ишлаб чиқариш камайган. Вилоятда экин ерлари кўп бўла туриб, Андижон билан деярли бир хил ҳажмда маҳсулот етиштирилган», — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

«Ҳудудларнинг бор салоҳияти даромадга айланмаяпти. Сабаби «ўсиш нуқталари»ни топиш ва ишга солиш бўйича ҳокимларда ташаббус етишмаяпти. Айрим ҳокимлар ҳатто ўз ҳудудида «пастга тушмаган», тадбиркорни қўллаб-қувватлаш, иш ўринларини кўпайтиришга ҳаракат қилмаган», — дейилади хабарда.

Президент вилоятдаги шаҳар ва туманлар мутасаддилари ўз фаолиятида ўзгариш қилмаса, лавозимига лойиқлиги кўриб чиқилиши тўғрисида огоҳлантирди.

тошкент вилояти

Йиғилишда давлат томонидан улар учун барча имкониятлар яратилгани, лекин ҳамма туманларда ҳам ривожланиш бир хил эмаслиги қайд этилди. Хусусан, Паркент, Янгийўл, Чиноз ва Оққўрғон туманларида туризм, транзит ва иқтисодий қулайликлар кўп бўлса-да, тараққиётдан орқада.

Шу боис, президент топшириғига мувофиқ, улардаги ҳақиқий ҳолат, имкониятлар ва тадбиркорларнинг таклифлари ўрганилди.

Таклиф этилган «ўсиш нуқталари»

Паркент туманининг хушманзара жойларига олиб борувчи йўлларни таъмирлаш, микроавтобуслар қатновини ташкил этиш, йўл бўйида савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари қуриш учун тадбиркорларга ер ажратиш таклиф этилмоқда. Паркентсой, Қизилсой ва Човлисойнинг муҳофаза ҳудудини аниқ белгилаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш орқали бўшайдиган ерлардан самарали фойдаланиш ҳам мумкин.

Янгийўл туманида «лойиҳа қиламан, инвестиция олиб келаман», деган тадбиркорлар жуда кўп. Лекин лойиҳалар учун ер топиш муаммо. Шу боис ҳозирда бўш турган иншоотда озиқ-овқат ва гигиена маҳсулотларига ихтисослашган кичик саноат зонаси ташкил этиш кўзда тутилмоқда.

Чиноз туманида савдо-кўнгилочар мажмуа ва замонавий балиқ бозори барпо этиш, йўл бўйида савдо ва хизматларни кенгайтириш, хонадонларда иссиқхоналарни кўпайтириш каби имкониятлар ҳисоб-китоб қилинган.

Оққўрғон туманида саноат ривожланмагани сабабли кўплаб хотин-қизлар Тошкент шаҳри ва бошқа туманларга қатнаб, тўқимачилик корхоналарида ишламоқда. Шундай корхоналарни тумандаги бўш бинолар ўрнида ташкил қилиш режалаштирилган.

Оҳангарон туманида Ўзбекистон-Венгрия саноат зонаси ташкил этилиб, 100 миллион долларлик лойиҳалар жойлаштирилади. Ангрен эркин иқтисодий зонасида маиший техника, металл прокат, мева-сабзавотни қайта ишлаш бўйича 400 млн долларлик, «Элтех индустриал» технопаркида 260 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилади.

Мутасаддиларга вилоятнинг барча ҳудудларини шундай таҳлил қилиб, қўшимча «ўсиш нуқталари»ни аниқлаш, даромад манбаларини кўпайтириш вазифаси қўйилди.

Бошқа таклифлар

Йиғилишда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилиб, иқтисодий-ижтимоий лойиҳаларни жадаллаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Пойтахтдаги саноат корхоналарини босқичма-босқич шаҳардан ташқарига кўчириш режалаштирилгани, бу Тошкент вилояти учун катта имконият экани таъкидланди.

Ўзини ўзи банд қилган инсонларнинг кичик бизнесга ўтиши, фаолиятини тўхтатган тадбиркорларнинг ишини яна тиклашига кўмаклашилади. Томорқаларда Чиноз тажрибаси бўйича ихчам иссиқхоналар, кооперация асосида маҳсулотларни сақлаш ва қайта ишлаш мажмуалари ташкил этилади.

Шунингдек, 2024 йилда маҳаллий ва хорижий туристлар сонини 5 миллионга, туризмда экспортни камида 300 млн долларга етказиш чоралари бўйича фикр алмашилди.

Йиғилишда, шу билан бирга, хотин-қизлар ва ёшларни касбга ўқитиш ҳамда бандлигини таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди, дейилади хабарда.