11 мартдан бошлаб Тошкент метрополитенидаги Ер усти ҳалқа йўлининг Турон (13-бекат) ва Қипчоқ (14-бекат) бекатлари иш фаолиятини бошлайди. Бу ҳақда метрополитен матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур икки бекатда 15 декабрь санасида синов тариқасида (йўловчиларсиз) поездлар ҳаракати йўлга қўйилди. Орадан деярли 2,5 ой ўтиб, энди метро бекатларида йўловчилар учун хизмат кўрсатиш бошланади.

«Мазкур синов жараёнлари муваффақиятли ўз якунига етказилди ва ушбу бекатлар 2024 йилнинг 11 март санасидан бошлаб эрталабдан одатий режа асосида йўловчилар учун хизмат кўрсатишни бошлайди», дейилади изоҳда.

Бундан ташқари, йўловчиларга қулай хизмат кўрсатиш учун метро вагон паркларига сўнги вақтларда 24 та метро вагони олиб келинган бўлса, бугун яна 12 та метро вагони Тошкент шаҳрига кириб келди. Шунингдек, май ойи сўнгига қадар яна 20 та замонавий метро вагонлари олиб келиш ҳам режалаштирилган.