Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон ва Белиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида Қўшма коммюнике имзоланди, деб хабар қилди «Дунё» АА.

Икки давлат ҳукуматлари номидан ҳужжатни Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Улуғбек Лапасов ва Белизнинг БМТдаги доимий вакили Карлос Фуллер имзолади.

белиз, дипломатик муносабат

Томонлар халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ ва унинг ихтисослашган идоралари доирасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдорлик билдирдилар. Икки томонлама ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли йўналишларини аниқлаш учун ўзаро алоқаларни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.

Шу тариқа, Марказий Америкада жойлашган Белиз Ўзбекистон билан дипломатик алоқалар ўрнатган 147-давлат бўлди.

Эслатиб ўтамиз, 5 март куни Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Лихтенштейн Князлиги ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисидаги Қўшма коммюнике имзоланган эди.