Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошида Йўлларда ҳаракатни ташкиллаштириш маркази (ЙҲТМ) ташкил этилади. 5 март куни президент Шавкат Мирзиёевга пойтахтнинг гавжум чорраҳалари ва кўчаларини тартибга солиш, бу орқали тирбандликларни бартараф этишга оид лойиҳа тақдимоти тақдим қилинди, «Газета.uz» тақдимот лавҳаларини ўрганди.

Лойиҳа ўз олдига учта асосий вазифа — пиёдалар хавфсизлиги ва қулайлиги, жамоат транспортига устуворлик, ўтказиш қобилиятини ошириш ва йўл транспорт ҳодисалари сонини камайтиришни қўйган.

Мазкур лойиҳа синов тариқасида йирик чорраҳада — Бобур ва Фурқат кўчалари кесишмасида амалга оширилган. Пиёдалар учун чорраҳада «хавфсизлик оролчалари» қурилган, пиёдалар ўтиш жойида светофорни бошқариш ускуналари ўрнатилган. Жамоат транспорти бекатлари йўловчилар учун тушиб чиқишга қулай тарзда қайта лойиҳалаштирилган.

Шунингдек, чорраҳага давомийлиги оқимга қараб мослашадиган интеллектуал светофорлар тизими ташкил этилган, дейилади хабарда.

Бу каби лойиҳалар натижасида чорраҳаларнинг ўтказиш қобилияти сезиларли даражада ошиб, тирбандликлар камаяди, жамоат транспорти янада самарали бўлиши кутилмоқда.

Президент бу ишларни кенгайтириш, «шаҳар — пиёдалар учун» тамойилини тўлиқ рўёбга чиқариш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.

илҳом маҳкамов, йўлларда ҳаракатни ташкиллаштириш маркази, тошкент, транспорт вазирлиги

Тақдимотдан маълум бўлишича, ташкил этилаётган Йўлларда ҳаракатни ташкиллаштириш марказига қуйидаги вазифалар юклатилади:

  • йўл ҳаракати қоидабузарликларини қайд этувчи 2000 дан ортиқ фото ва видео қайд этиш тизимини ўрнатиш;
  • пуллик тўхташ жойларини ташкил қилиш;
  • электромобиллар учун зарядлаш инфратузилмасини йўлга қўйиш;
  • транспорт комплекси учун ягона реклама майдонини яратиш.

ЙҲТМ, шунингдек, Транспорт вазирлиги қошидаги лойиҳа офисининг Қурилиш-монтаж ва эксплуатация бошқармаси (ҚМЭБ) ва «Аҳолини ташиш мониторинги ва назорати» давлат ташкилоти функцияларини ҳам олади.

Ресурслар билан таъминлаш учун ЙҲТМ бошқаруви остида махсус фонд тузилади.

Тақдимотда айтилишича, пойтахтнинг барча кўчалари замонавий техник талабларга мутлақо жавоб бермайди.

Транспорт вазири Илҳом Махкамов бу марказга илмий ходимлар ҳам, назорат ходимлари ҳам жалб этилишини таъкидлади. У барча транспорт, жамоат транспорти, жумладан, ҳудудлардан келаётган электропоездлар ва тезюрар поездлар ҳаракатини уйғунлаштиради. Транспорт вазири раҳбари бу лойиҳани узоқ муддатли дея атади.