5 март куни Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси ва БМТ Тараққиёт дастури балиқ етиштиришнинг барқарор амалиётини қўллаб-қувватлаш мақсадида Балиқчилик илмий-тадқиқот институтига замонавий анжом ва ускуналар топширди, дея хабар қилди БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати.

Тақдим қилинган асбоб-ускуналар орасида сув сифатини назорат қилувчи қурилмалар, сувни филтрлаш ва тозалаш учун аквакултура ресиркуляцияси тизимлари, шунингдек, қуёш сув иситгичлари мавжуд. Улар балиқчилик хўжаликларидаги сувнинг сифати ва энергия самарадорлигини ошириш орқали балиқларнинг яшаш шароитларини яхшилашга хизмат қилади.

«Соғлом балиқ, соғлом озиқ-овқат сифатида кишиларнинг соғлом бўлишини англатади. Замонавий сув фильтрлари эса балиқ фермасидан чиқувчи зарарли ва атроф-муҳитни ифлослантирувчи моддалардан халос этишга кўмаклашади ва атроф-муҳит яхшиланишига ҳисса қўшади. Бундан ташқари, балиқлар ривожланишининг илк босқичларида уларнинг ўсишига сезиларли даражада ҳисса қўшувчи қуёш сув иситгичларидан фойдаланиш орқали электр энергиясини барқарор равишда тежашга эришилади», — деди Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси ҳамкорлик бўлими раҳбари Вим Риепма.

БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили в.б. Анас Қарман ўз нутқида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра, бир киши бир йилда 16 килограммдан, миллий меъёр бўйича эса 12 кг дан кам бўлмаган миқдорда балиқ истеъмол қилиши зарурлигини, бироқ Ўзбекистонда бу кўрсаткич ўртача 3,5−4 килограммни ташкил этаётганини таъкидлади. Бу кенг қамровли балиқ етиштирувчи технологияларининг эскиргани билан боғлиқдир. Муаммони ҳал этиш мақсадида президентининг 2022 йилда балиқчилик тармоғини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги фармони имзоланган.

Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган ва БМТТД томонидан амалга оширилаётган EU-AGRIN лойиҳаси балиқ етиштиришда сувни қайта ишлаш ва уни қуёш энергияси ёрдамида иситиш ва бошқа замонавий усулларни жорий этишга қаратилган Инновацион гуруҳ саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди. Гуруҳ кичик ҳажмли ҳавзаларда (бассейнларда) интенсив усулда балиқ етиштириш технологиясини жорий этиш билан шуғулланади.

Шунингдек, у балиқларнинг саломатлиги ва соғлом ўсишини қўллаб-қувватловчи кислород миқдорини оширувчи тизимни ҳавзаларга жорий қилади.

Европа Иттифоқи томонидан беғараз тақдим этилган ускуналар Балиқчилик илмий-тадқиқот институти ҳамда Фарғона вилоятидаги Бешариқ касб-ҳунар мактаби орқали тадқиқот ва амалиёт ишларини олиб боришга ҳамда лойиҳа натижаларини кенг жорий этишга хизмат қилади, дейилади хабарда.