5 март куни Фарғона вилояти Марғилон шаҳридаги 29-мактабда болаларга нисбатан яна бир зўравонлик ҳолати юз берди. Бу ҳақда видео орқали мурожаат олган болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонованинг матбуот хизмати хабар берди. Унда боланинг бошидаги жароҳатни даволашаётганини кўриш мумкин.

Қайд этилишича, 5-синфдаги ўқувчилардан бири 12 ёшли У.Ж. 24 ёшли инглиз тили ўқитувчиси М.Э.дан ҳожатхонага боришни сўраган, бироқ ўқитувчи унга жавоб бермаган.

Бола зарурат юзасидан синфдан чиққан, бирозда қайтгач, ўқитувчи унинг рухсатсиз ҳаракатидан ва гаплашиб ўтиришидан жаҳли чиқиб ўз қўл телефонини ўқувчига қарата отган. Бунинг оқибатида ўқувчининг боши ёрилган.

Болага мактаб ҳамшираси томонидан биринчи ёрдам кўрсатилиб, боши боғланган. Уйга шу ҳолатда борган вақтида боланинг онаси жароҳатдан хабар топиб, уни шифохонага олиб борган ва болага зарурий тиббий муолажалар кўрсатилган.

Ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.