YouTube`да Фарғона вилояти Қува туманидаги қабристонда арча дарахтлари кесиб ташлангани ҳақида видео эълон қилинди. Видеога вилоят Экология бошқармаси муносабат билдирди.

Хабарга кўра, 2024 йилнинг 7 январь куни Фарғона вилоят Экология бошқармаси Қува туман бўлими мурожаатчи ҳамда Қува туман ҳокимлиги вакиллари томонидан жойига бориб ўрганиш ишлари олиб борилган.

Ўрганишлар давомида, қабристонда тегишли рухсатномасиз 62 туп дарахтлар туман ободонлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан ўзбошимчалик билан остидан кесиб ташланган ҳолати маълум бўлган.

Ҳозирда, мазкур ҳолатга кўра ҳужжатлар расмийлаштирилган ва жавобгар шахслардан олинган тушунтириш хатларига асосан, Қува туман прокуратураси томондан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ички ишлар томонидан тергов ишлари олиб борилаётгани маълум қилинган.

Аввалроқ, президент дарахтларни кесиш учун жарима миқдорини 5 баробарга оширувчи қонунни имзолади. Унга кўра, дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ёш ниҳолларни ноқонуний кесиш, илдизи билан қўпориш, шикастлаш, йўқ қилиш ёки кўчириб ўтказиш (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси) учун жарима ўртача 5 бараварга оширилади: фуқароларга — БҲМ 5−10 бараваридан (1,7−3,4 млн сўм) 25−50 бараварга (8,5−17 млн сўм), мансабдор шахслар учун — БҲМ 10−15 бараваридан (3,4−5,1 млн сўм) 50−75 бараваригача (17−25,5 млн сўм).