Ҳафта давомида кундуз кунлари ҳароратнинг жадал кўтарилиши бошланади ва кўтарилиш иш ҳафтасининг охиригача давом этади, дея хабар бермоқда Ўзгидромет хизмати агентлиги.

Қайд этилишича, 4−7 март кунлари Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйича ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. 8 мартда республика бўйича баъзи жойларда ёмғир ёғади.

Душанба куни кундузи ҳаво ҳарорати +4…+9 даража бўлади, сўнг ҳафта охиригача ҳарорат +13…+18 даражагача аста-секин кўтарилади. Ҳарорат кечаси −2…−5 даражадан +2…+5 даражагача кўтарилади.

Шамол асосан шарқий йўналишда ўртача тезликда эсади, 8 мартда баъзи жойларда 15−18 м/с гача кучаяди. 5−6 март кунлари республиканинг айрим жойларига туман тушиши мумкин.

6−7 март кунлари айрим тоғли ҳудудларда, 8 мартда тоғли ҳудудларнинг катта қисмида ёмғир ва қор кўринишидаги ёғингарчилик бўлади. Қор кўчиши хавфи бор.

Тошкент шаҳрида 4−7 март кунлари ёғингарчилик кутилмайди, 8 мартда бироз ёмғир ёғиши мумкин. Ҳарорат кечалари −0…−2 даражадан +3…+5 даражагача, кундуз кунлари +5…+7 даражадан +15…+17 даражагача кўтарилади.

6−7 мартда кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин. Шамол шарқдан 3−8 м/с тезликда эсади.