3 март куни АҚШга ноқонуний йўллар билан кирган 74 нафар Ўзбекистон фуқароси депортация қилингани ҳақида хабар қилинганди. «Дунё» АА АҚШдан қайтган бир неча фуқаролар билан суҳбатлашди.

Хусусан, танишининг 6 минг доллар маош ҳақидаги таклифидан кейин АҚШга йўл олган фуқаро қуйидагиларни сўзлаб берди.

америка орзуси, депортация

«Июль ойида кетгандим, бордик, ўйлаганимиздек эмас экан. Йўл қийин, Америкада ҳам вазият оғир. Бормасликни маслаҳат бераман. Ким агар бормоқчи бўлса бу фикрдан қайтса яхши бўлади. Етиб боришим учун 1 ой ва 15 минг долларим кетди. Мексика ҳам жуда хавфли экан. Йўллари қийин, 4−5 соатлаб пиёда юрилар экан. Осон пул топаман, осон ўтиб кетаман, деб ўйлагандим. Ота-онани олдида ўтирганга етмайди ҳеч нима. Ватанга етмайди. У ерда барибир биз бегонамиз. Ўз уйинг ўлан тўшагинг», — деди келганлардан бири.

7 ой АҚШдаги қамоқхонада сақланган фуқаро эса АҚШ у ерда минглаб ўзбеклар ўтирганини айтди.

«Бормоқчи бўлганларга маслаҳатим: бориб ўтирманглар, бу реклама. Мингдан зиёд ўзбеклар қамоқхонада ўтирибди. 2 йиллаб ўтирганларини ҳам кўрдик, ҳалигача ўтирибди. Ортиқча пул берасизлар, сил касалини орттирасизлар. Офицерлар алдайди, „Мана бугун чиқасизлар, эртага чиқасизлар“, деб. Биз ҳеч ким эмасмиз у ерда», — деди у.

Депортация қилинганлар орасида аёллар ҳам бор. У ҳам бошқалар каби пушаймонлигини айтди.

америка орзуси, депортация

«Ишлайман деб бордим. Лекин биз ўйлагандек осон эмас экан. Ўзим депорт сўраб мурожаат қилдим. 20 кунда қайтаришди. Ҳеч қачон тавсия қилмайман. Энг чиройлиси — Ўзбекистон. [У ерда] Жуда кўп нарсани кўрдим. Қайтганларнинг ҳаммаси шу фикрда. Жуда пушаймонман, Чақирса борманглар, Америка ёлғон нарса», — деди у.

Қайтганлардан яна бири эса уни адвокатлар алдаб кетганини сўзлаб берди.

«Кичик, 6 га 6 [метр] хонада 100 кишини ўтказиб қўйди. Чўзилиш учун жой йўқ. Ташқарида совуқ, [хона] тепаси очиқ, сетка қўйилган, Адвокат олдик, унга 2000 доллар тўладик. Адвокат ҳам алдаб кетди», — деди депортация қилинган фуқаро.

Аввалроқ АҚШ элчихонаси Америкага ноқонуний равишда борганларни депортация қилиш давом этишини билдирганди.