АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Энергетика вазирлиги ва бошқа ҳамкорлар билан биргаликда Ўзбекистонда Яшил водород хабини ишга тушириш устида ишламоқда.

29 февраль куни Тошкентда USAID`нинг Марказий Осиёда энергия минтақавий энергетика лойиҳаси доирасида амалга оширилган янги ташаббуси тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар қилди АҚШ элчихонаси матбуот хизмати.

Учрашувда энергетика вазири ўринбосари Умид Мамадаминов ва USAID`нинг Ўзбекистондаги миссияси директори вазифасини бажарувчи Эдвард Михалски, шунингдек, энергетика секторининг асосий манфаатдор томонлари Водород хаби концепциясининг дастлабки босқичини, хусусан, устувор йўналишлар ва ҳаракатлар босқичларини муҳокама қилдилар.

Яшил водород қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган водород энергияси сифатида тавсифланади. Водород қайта тикланадиган энергияни узоқ масофаларга сақлаш ва потенциал ташиш учун етакчи вариант сифатида шаклланмоқда.

Хаб минтақанинг келажакдаги энергетика ландшафтини шакллантириш ва Ўзбекистоннинг «Қайта тикланувчи ва водород энергиясини ривожлантириш стратегияси»га ҳисса қўшиш учун энергия сектори ходимларининг янги тоза энергия технологиялари бўйича малакасини оширишга ёрдам беради.

Ўзбекистон 2030 йилгача қайта тикланадиган энергия (қуёш, шамол ва гидроэнергетика) ишлаб чиқаришни 25 фоизга, 2050 йилгача эса углерод нейтраллигини таъминлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Эдвард Михалски ўз нутқида тоза энергия ташаббусларининг муҳимлигини таъкидлади. «USAID Марказий Осиё давлатларини тоза энергия ва бошқа энергетиканинг устувор йўналишларни ривожлантиришда қўллаб-қувватлашга содиқдир. Бу шунчаки мақсад эмас, балки зарурат ҳамдир. Бизнинг ишончимиз барқарор келажак тоза ва самаралироқ энергия манбаларига ўтишда жамоавий саъй-ҳаракатларга боғлиқ деган ишончга асосланади», — деди у.

Аввалроқ USAID Делавер университети (АҚШ) ва Тошкент давлат техника университети ўртасида университетнинг магистратура босқичига киритилган яшил водород бўйича янги ўқув дастурини амалга ошириш мақсадида ҳамкорлик ўрнатганди.

Яшил водород хаби концепцияси муваффақиятли амалга оширишнинг асосий жиҳатларини, жумладан қайта тикланадиган энергия салоҳияти, сув мавжудлиги, тоза водород ишлаб чиқариш усуллари ва экспорт салоҳиятини баҳолайди. Ҳудудни баҳолаш, омборхона иншоот лойиҳаси, логистикани режалаштириш, бозор таҳлили, тартибга солишни баҳолаш ва атроф-муҳитга таъсир қилиш масалалари фаолият юритиш учун оптимал жойларни аниқлашнинг бошқа таркибий қисмларидан биридир.

Беш йилга мўлжалланган қиймати 39 миллион долларига тенг лойиҳа энергетика сектори самарадорлигини ошириш, тоза энергия ривожланишини жадаллаштириш, минтақавий алоқа ва трансчегаравий энергия савдоси орқали энергия хавфсизлиги ва барқарорлигини мустаҳкамлашга қаратилган.

Ушбу лойиҳа орқали USAID тоза энергияга 2,2 миллиард доллари миқдорида сармоя киритган ва шу кунгача Марказий Осиё бўйлаб 2241 мегаватт тоза энергия қувватини ўрнатишга ҳисса қўшган.