Хоразмда тадбиркорлар учун қатор имтиёзлар белгиланмоқда, дея давлат раҳбари иштирокидаги йиғилишдан иқтибослар келтирмоқда президент матбуот котиби Шерзод Асадов. Умумий имкониятлардан фойдаланиб, вилоятга 1,5 млрд доллар сармоя, шундан 1 млрд доллари хорижий инвестиция бўлиши, 600 млн доллар экспортни амалга ошириш вазифаси қўйилди.

Вилоятда импорт ускуналар, эҳтиёт қисм ва хомашё 5 йилга божхона тўловидан озод қилинади, қўшилган қиймат солиғини 180 кунга кечиктириб тўлашга рухсат берилади.

Маҳаллийлаштириш лойиҳаларига олинган кредит фоизининг 10 фоиз банди қоплаб берилади, давлат мулки ва ер участкаларини хусусийлаштиришда 5 йил ичида бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади.

Сотилган кўчмас мулк учун тўлов 3 ойда амалга оширилганда 25 фоиз чегирма берилади. Иқтисодий ва саноат зоналарида олган мажбуриятини бажарган тадбиркорлар ер ва бинони хусусийлаштириши мумкин бўлади. Экспортчиларга бошқа вилоятдан хомашё етказиб бериш учун йўл харажатларини 50 фоизи Экспорт жамғармасидан қоплаб берилади.

Шунингдек, Ҳазорасп эркин иқтисодий зонасида хитойлик инвесторлар билан лак-бўёқ, шиша маҳсулоти ва электротехника йўналишида 300 млн долларлик 4 та лойиҳа жойлаштирилади. Урганч шаҳридаги «Ал-Хоразмий» мажмуасида саноат бинолари қурилиб, тадбиркорларга «тайёр ҳолда» топширилади.

Бундан ташқари, вилоятда хорижий инвесторлар билан биргаликда полипропилен, базальт маҳсулоти ва сендвич панел ишлаб чиқариш, замонавий иссиқхона ташкил қилиш, ихчам қишлоқ хўжалиги техникасини йиғиш, мева-сабзавотни қайта ишлаш, мебель ва нотўқима материал ишлаб чиқариш каби лойиҳалар ишлаб чиқилган.

Президент Хоразмда тайёрланган ип-калаванинг атиги 30 фоизи қайта ишланаётгани ҳақида гапирди. Шу муносабат билан 2024 йили вилоятга 280 млн доллар инвестиция олиб келиб, ип-калавани қайта ишлашни 60 фоизга етказиш муҳимлиги қайд этилди. 10 млн доллардан кўп экспорт қилган тўқимачилик корхоналарига айланма учун 5 млн долларгача кредит берилади. Уларга чет элдан юқори малакали мутахассислар олиб келиниб, дизайнерлик ва маркетингга ўқитилади, хорижда савдо уйлари очилиб, вилоятдаги тўқимачилик корхоналарига берилади.

Президент Урганч шаҳридаги Махсус тиббиёт индустриал паркига 50 млн долларлик 12 та лойиҳа жойлаштирилишини маълум қилди. Йил якуни билан фармацевтика корхоналари сонини 26 тага, маҳсулот турини 50 тага етказиш муҳимлиги таъкидланди.