1 март куни Тожикистон энергетика тизимида катта носозлик юз берди, деб хабар бермоқда ASIA-Plus. Душанбе шаҳрида ва мамлакатнинг бир қатор вилоятларида электр таъминотида узилишлар кузатилди.

Нашрнинг қайд этишича, электр таъминотидаги узилиш тахминан соат 11:10 атрофида кузатилган. Мамлакат пойтахтида иссиқлик тизими ўчиб қолган, ичимлик суви таъминоти тўхтаган, шунингдек, уяли алоқа ва интернет ҳам ишламай қолган.

Йирик шаҳарлардан фақат Бохтарга узилишлар таъсир қилмаган. Маҳаллий гидроэлектр станциялари орқали электр энергияси билан таъминланган Тоғли Бадахшон автоном вилоятида ҳам таъминот тўхтамаган.

Нашр манбасининг билдиришича, энергия таъминотидаги муаммолар Нурек ГЭСидаги авария туфайли юзага келган.

Бу ҳақда Dushanbe Post Telegram канали ёзмоқда. Каналнинг «Барки тожик» миллий энергетика компаниясидаги манбалари Нурек ГЭСида сув сатҳи меъёрдан етти метрга пасайгани ҳақида хабар берган.

Тожикистон расмийлари электр энергиясининг ўчирилиши билан боғлиқ вазиятга ҳозирча изоҳ бермаган. Душанбеда электр таъминоти узилишдан уч соат ўтиб қайта тикланган.