27 февраль — 1 март кунлари Нью-Йорк шаҳрида (АҚШ) Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Статистика комиссиясининг 55-сессияси бўлиб ўтди. Унда Статистика агентлиги директори, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Баҳодир Бегалов бошчилигидаги Ўзбекистон делегация ҳам иштирок этди, дея хабар берди Статистика агентлиги матбуот хизмати.

Сессия кун тартибида белгиланган масалалар қаторида Баҳодир Бегалов номзодини 2025 йилда бўлиб ўтадиган БМТ Статистика комиссияси аъзолигига илгари суриш бўйича ташкилий масала муҳокама қилинди.

бмт, статистика агентлиги

Шунингдек, тадбирлар доирасида улар БМТ Статистика департаменти директори, Open Data Watch ташкилоти раҳбарияти, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг марказ директори, МДҲ Давлатлараро статистика қўмитаси раҳбари ва бошқалар билан учрашган, соҳага доир қатор мавзулар бўйича муҳокама олиб борган.

Хусусан, БМТ Европа Иқтисодий комиссияси, Евростат ва Европа эркин савдо ассоциацияси томонидан 2024 йилнинг 4-чорагида Ўзбекистон миллий статистика тизимини глобал баҳолашдан ўтказиш режа қилинмоқда.

Учрашувлар якуни бўйича Ўзбекистоннинг миллий статистика тизимини ривожлантириш борасидаги масалалар бўйича Малайзия миллий статистика идораcи, Корея миллий статистика идораси кабилар билан ҳамкорлик келишувларига эришилган.

Аввалроқ Баҳодир Бегалов Европа Статистиклари конференцияси бюроси йиғилишида Статистика агентлиги директорининг Европа статистиклари конференцияси бюроси аъзолигига ҳам қабул қилинганди.