1 март куни соат 08:57 атрофида Бухоро шаҳри «Ёшлик» маҳалласида жойлашган дўконнинг ертўласида газ портлаши оқибатида бир киши ҳалок бўлди, дея хабар бермоқда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, 2 қаватли бинонинг 1-қаватидаги автомобиль эҳтиёт қисмлари дўконининг ертўласида газ-ҳаво аралашмасининг «чақнаши» содир бўлгани тахмин қилинмоқда. Портлаш оқибатида 1-қаватнинг 2 дона бетон плитаси қулаб тушган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида 1 нафар фуқаро олган тан жароҳатлари билан воқеа жойида ҳалок бўлган. Яна 1 нафар фуқаро турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага юборилган.

Ҳозирда ҳодиса сабаби ва зарари аниқланмоқда. Воқеа жойида ёнғин содир бўлмаган, дейилади хабарда.

Ҳодиса жойига вилоят ва шаҳар ФВБ раҳбарияти ҳамда ёнғин-қутқарув экипажлари, Ички ишлар бошқармаси, прокуратура, «Ҳудудгазтаъминот» ва Соғлиқни сақлаш бошқармаси ходимлари чиқишган. Ҳолат юзасидан дастлабки тергов олди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.