Урганчдан 11 та маҳаллий ва хорижий шаҳарларга авиақатновлар йўлга қўйилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифалари юзасидан йиғилишда маълум қилди.

Хизматларда ўсиш бўлиши учун транспорт инфратузилмасини яхшилаш зарурлиги қайд этилди. Шу боис, Урганч ва мамлакатимизни бошқа шаҳарларига авиачипта нархини арзонлаштириш учун 30 миллиард сўм субсидия берилади.

Урганчдан Термиз, водий вилоятлари, Самарқанд, Бухоро ҳамда Санкт-Петербург, Мадрид, Франкфурт, Пекин ва Урумчига авиақатновлар йўлга қўйилади.

«Урганч-Хива» троллейбус қатнови оралиқ вақти 2 карра қисқаради, Урганчдан Хива ва Хонқага электробус қатнови ташкил этилади.

Урганч аэропорти бошқаруви ва модернизациясига хусусий шерик жалб қилиш муҳимлиги таъкидланди.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев сайёҳлар 1 йил давомида чекловсиз Хоразмга кириши учун «Ўзбекистон — менинг иккинчи уйим» виза тизими жорий қилинишини маълум қилганди.