28 февраль куни АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси билан ҳамкорликда трансчегаравий ҳайвонлар касалликларига қарши курашишга қаратилган 800 минг долларлик янги лойиҳани бошлади.

Лойиҳанинг мақсади Ўзбекистонда ҳайвонлар ва аҳоли саломатлиги учун хавф туғдирадиган турли таҳдидларнинг олдини олиш, аниқлаш ва уларга ўз вақтида жавоб бериш салоҳиятини оширишдан иборат.

Семинарда «Глобал саломатлик хавфсизлиги — Ўзбекистонда ҳайвонлар соғлиғини ҳимоя қилиш, „ягона саломатлик“ ва антимикроб резистентлик борасида салоҳиятни ошириш ва зооноз таҳдидларни юмшатиш» лойиҳасининг мақсадлари тақдим этилиб, йиллик иш режаси тасдиқланди ва ушбу ташаббусни амалга оширишдаги асосий тадбирлар ва устувор йўналишлар муҳокама қилинди.

usaid, соғлиқни сақлаш, фао, Ветеринария қўмитаси

«Чорвачилик қишлоқ аҳолиси салмоқли қисмининг даромад манбаи бўлиб, Ўзбекистон иқтисодиётида муҳим ўрин тутади. Инсон саломатлиги, уй ва ёввойи ҳайвонлар, ўсимликлар ва экотизимлар бир-бири билан чамбарчас боғлиқдир. ФАО ушбу ташаббусни инсон, ҳайвон, ўсимлик ва атроф-муҳит саломатлигини таъминлаш учун қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат тизимларини трансформация қилиш доирасида қўллаб-қувватлайди», — дея таъкидлади ФАО`нинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Шерзод Умаров.

COVID-19 пандемияси ҳайвонлардан одамларга юқадиган касалликлар нисбатан қисқа вақт ичида бирор мамлакат ёки минтақага етиб бориши ва кенг тарқалиши мумкинлигини кўрсатди. Миллий, минтақавий ва глобал даражада кўп тармоқли «Ягона саломатлик» ёндашувининг жорий этилиши касалликларнинг самарали олдини олиш ва назорат қилишга ёрдам беради, чунки янги юқумли касалликларнинг аксарияти ҳайвонлардан келиб чиқади.

ФАО маълумотларига кўра, инсоннинг барча юқумли касалликлари 60% зоонотик келиб чиқиш ва тахминан 75% патогеннинг интерспесифик узатилиши билан боғлиқ.

ЖССТнинг таъкидлашича, ҳозирда трансчегаравий ҳайвонлар касалликларининг 200 дан ортиқ турлари маълум. Зоонотик патогенлар бактериялар, вируслар ёки паразитлар, шунингдек, одамларга тўғридан-тўғри алоқа ёки озиқ-овқат, сув ёки атроф-муҳит орқали юқадиган ноанъанавий патогенлар бўлиши мумкин.

«Ягона саломатлик» ёндашувини амалга ошириш юзага келиши мумкин бўлган инқирозларга тайёргарликни ошириш хамда одамлар, ҳайвонлар ва атроф-муҳитнинг ўзаро таъсиридан келиб чиқадиган соғлиқ учун хавфларни камайтириш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга имкон беради, бу эса, ўз навбатида, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга ва озиқ-овқат тизимларининг барқарорлиги таъминлашга ёрдам беради.