Humo Air лоукостери Қозоғистон, БАА, Туркия, Хитой, Қатар ва Озарбайжон каби давлатларга халқаро рейсларни амалга оширишга тезкорлик билан тайёрлаш мақсадида 10 мартдан бошлаб Humo Air Ўзбекистон ичидаги ички рейсларни вақтинча тўхтатади. Бу ҳақда авиакомпанияси хабар қилди.

«Икки ойлик рейслар давомида лоукостер Ўзбекистон бўйлаб 100 мингдан ортиқ йўловчини ташиди ва бу унинг хорижий йўналишларни очишга тўлиқ тайёрлигини тасдиқлайди», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, барча сотилган чипталар бизнинг тизим орқали автоматик равишда бекор қилинади. «Хавотир олманг! Барча маблағлар қайтарилади», — дейилган авиакомпания хабарида.

1 мартдан 10 мартгача Humo Air авиакомпаниясининг парвозлар жадвалига ўзгартиришлар киритилган, 10 мартдан кейинги парвозлар вақтинча тўхтатилди. Тез орада тўловни қайтариш усуллари ва янги босқич санасини эълон қилиниши маълум қилинган.

«2024 йил апрель ойида биз халқаро йўналишларни очамиз, авиачипталар нархини минимал даражада ушлаб турамиз ва одамларнинг тез-тез учиши учун барча имкониятларни ишга соламиз», — дея таъкидлайди лоукостер.

Эслатиб ўтамиз, Humo Air 15 декабрдан бошлаб Airbus A320 самолётида Тошкентдан Нукус, Самарқанд, Қарши ва Урганч шаҳарларига кунлик парвозларни йўлга қўйганди.