Дунёдаги энг паст туғилиш кўрсаткичларига эга бўлган Жанубий Кореяда туғилиш даражаси 2023 йилда янги рекорд даражагача тушиб кетди, деб ёзди The Guardian. Мамлакат аҳолиси кетма-кет тўртинчи йил камаймоқда.

Жанубий Корея Статистика бошқармасининг дастлабки маълумотларига кўра, туғилишнинг умумий коэффициенти — бир аёл ўз умри давомида дунёга келтирадиган болаларнинг ўртача сони 2023 йилда 0,72 ни ташкил қилган. Таққослаш учун, 2022 йилда бу коэффициент 0,78 ни, 2021 йилда 0,81 ни, 2020 йилда эса 0,84 ни ташкил этганди. Бу мамлакатнинг ҳозирги 51 миллион аҳолисини сақлаб қолиш учун керак бўлган ўртача 2,1 бола кўрсаткичидан анча паст.

2018 йил ҳолатига кўра, Жанубий Корея Иқтисодий Ҳамкорлик ва Тараққиёт Ташкилоти (ИҲТТ) аъзолари орасида туғилиш коэффициенти 1 дан паст бўлган ягона мамлакат ҳисобланади. Бундан ташқари, ўртача кореялик аёлда биринчи фарзанд туғилгандаги ўртача ёш 33,6 ёшни ташкил этади. Бу ИҲТТ аъзолари орасида энг юқори натижа.

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, агар туғилишнинг шу каби паст даражаси давом этаверса, 2100 йилга бориб Осиёнинг бешинчи йирик иқтисодиёти ҳисобланган Жанубий Корея аҳолиси қарийб ярмига қисқариб, 26,8 миллион кишигача тушиб қолади.

2006 йилдан бери мамлакат ҳукумати туғилиш даражасининг пастлиги муаммосини ҳал қилиш учун 270 миллиард долларга яқин маблағ ажратди, бироқ бу чоралар ўз натижасини бермади. Рағбатлантиришлар орасида эр-хотинлар учун молиявий субсидиялар, болаларни парвариш қилиш хизматлари ва бепуштликни даволашни қўллаб-қувватлаш киради.

Жуфтликлар кўп болали оила қуриш йўлидаги тўсиқлар сифатида болаларни тарбиялаш харажатлари ва кўчмас мулк нархининг ошиши, яхши маошли иш ўринларининг йўқлиги ва таълим тизимидаги кескин рақобатни тилга олади, деб ёзди The Guardian.

Мутахассислар, шунингдек, маданий омиллар ролини, жумладан, касбий ва оналик вазифаларини мувозанатда ушлашда аёллар дуч келадиган қийинчиликларни, шунингдек, улар биринчи навбатда уй ишлари ва болаларга ғамхўрлик қилишга масъул экани ҳақидаги кутилмаларни таъкидлайди.