Франциянинг Безье шаҳри тенгсизликни камайтириш ва ўқувчиларнинг хулқ-атворига таъсирини аниқлаш мақсадида ҳукумат тажрибаси доирасида мактаб формасидан фойдаланишни қайта жорий этди, деб ёзмоқда The Guardian. Бу 1968 йилда Францияда мажбурий мактаб формаси бекор қилинганидан бери биринчи бундай тажриба ҳисобланади.

Тажрибада шаҳардаги тўртта мактабда 700 нафар ўқувчи қатнашмоқда. Ҳар бир ўқувчига 200 евролик форма тақдим этилди, бу пул шаҳар ва маҳаллий таълим идоралари бюджетидан қопланди.

Агар тажриба муваффақиятли деб топилса, у ҳолда 2026 йилга келиб барча француз мактабларида ягона мактаб формаси жорий этилиши мумкин. Бу тартибни жорий этиш Франция президенти Эммануэль Макрон томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Унинг сўзларига кўра, бу «оилалар ўртасидаги тенгсизликни йўқ қилади ва, шу билан бирга, ҳурмат учун шароит яратади».

Бугунги кунга қадар мамлакатнинг турли шаҳарларидаги 92 та мактаб тажрибада иштирок этишга розилик билдирган. Ота-оналар ва ўқувчиларнинг форма кийишдан бош тортгани ҳақидаги шикоятларидан сўнг бир қанча мактаблар ўз розилигини қайтариб олди.

Тажрибани танқид қилаётганлар, жумладан, кўплаб ота-оналар ҳукумат пулни халқ таълимининг бошқа соҳаларига сарфлагани маъқулроқ, деб ҳисоблайди. Уларнинг фикрига кўра, тенгсизлик шунда ҳам поябзал, сумка ва мобил телефонлар каби нарсаларда акс этавериши мумкин.