Январь ойи ўрталарида Янгиободдаги Чайковский номидаги мусиқа ва санъат мактабини бузиш режалаштирилаётгани ҳақида хабарлар муҳокамаларга сабаб бўлди. 60 йиллик тарихга эга бинонинг эшик ва мебеллари олиб чиқиб кетилаётгани, қурилиш ишларига ҳозирлик кўрилаётганига гувоҳ бўлган маҳаллий аҳоли оёққа турди. Жараёнга эътибор қаратиш тўғрисидаги аҳоли сўровига фаоллар жавоб қайтарди.

маданий мерос агентлиги, мусиқа мактаби, чайковский, янгиобод

Сурат: Кирилл Фрис-Раевский.

Мусиқа мактаби атрофида юзага келган вазият ҳақида биринчилардан бўлиб блогер Ислом Каримбоев (Ислам Капарзо) ёзди. Кўп ўтмай унинг постига Маданият вазирлиги муносабат билдирди. Бироқ, вазирлик муносабати, дастлаб Ангрен шаҳар Халқ таълими бўлимига қарашли бўлган бино кўп йиллардан буён бўш тургани ва шу сабабдан 2015 йил февраль ойида ҳокимлик балансига ўтказилгани ҳақидаги ахборотдан иборат эди, холос.

«Вазирлик мазкур бино Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган Моддий маданий мерос объектлари миллий рўйхатига киритилганлиги тўғрисида маълумотга эга эмас», — дейилади хабарда.

Сўнгги 10 йил ичида мактаб биноси уни меҳмонхонага айлантиришни режалаштирган хусусий шахслар орасида қўлма-қўл бўлди. Янгиободликлар бу бино ўзига хос ва меъморий ёдгорлик мақомига муносиб деб ишонади. «Газета.uz» мусиқа мактабининг тақдири қандай кечгани ва нима учун уни сақлаб қолиш бу қадар муҳимлигини ўрганди.

Намунавий мактабдан ташландиқ жойга

1955−1956 йилларда Чайковский номидаги мусиқа мактаби Янгиобод маданият саройи биноси ичида фаолият олиб борган. 1960 йилда таълим муассасаси янги қурилган қўшни бинога кўчиб ўтади. Бу ишлар мактабнинг асосчиси ва унинг биринчи директори, қурилишга рухсат олиш учун шахсан Москвага мурожаат билан чиққан Борис Вальбергнинг ташаббуси билан юз берган. Аҳолининг ҳикоя қилишича, Янгиобод мактаби биносини лойиҳалашда меъморлар Москва консерваториясидан илҳомланган.

1962 йилда таълим муассасаси олдида номаълум ҳайкалтарош томонидан бетондан ясалган Чайковский бюсти ўрнатилди. Айтишларича, бу 55 йил давомида бастакорнинг Марказий Осиёдаги ягона ҳайкали бўлган (2017 йилда Олмаота мусиқа коллежи ҳовлисига Чайковскийнинг ҳайкалтарош Эркин Маъқулбоев томонидан ишланган гранит ёдгорлиги ўрнатилган эди — таҳр.).

маданий мерос агентлиги, мусиқа мактаби, чайковский, янгиобод

Сурат: Кирилл Фрис-Раевский.

Борис Викторович мусиқа мактабига 1964 йилгача раҳбарлик қилади. Унинг рафиқаси Рена Вальберг фортепианодан дарс берган. Бу жуфтлик умрининг энг яхши йилларини мактабни ривожлантиришга бағишлаган эди. Ҳар йили таълим муассасасини 35−40 нафар ўқувчи тамомлаган.

«Гуллаб-яшнаган даврида мактабда қулайлик ва ижод муҳити ҳукмрон эди. Унинг машғулотларига фақат маҳаллий аҳоли эмас, қўшни шаҳар ва қишлоқлардан ҳам болалар қатнаган. Ўқувчилар ва ўқитувчилар учун махсус автобус ташкил этилган. Таълим муассасаси 90 кишига мўлжалланган бўлишига қарамай, ўқувчилар сони баъзан бундан ошиб кетарди», — деб эслайди мактабнинг собиқ ўқитувчиси ва ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Владимир Эфа.

Владимир Яковлевичнинг ўзи Янгиобод мусиқа мактаби битирувчиси. 1965 йилдан 1970 йилгача аккордеон синфида таҳсил олган. Орадан саккиз йил ўтгач, у мактабга ўқитувчи бўлиб ишга кирган ва аккордеончи болалар оркестрига раҳбарлик қилган. 1986−1994 йилларда ўқув бўлими мудири лавозимида фаолият олиб борган.

маданий мерос агентлиги, мусиқа мактаби, чайковский, янгиобод

Владимир Эфа. Шахсий архивдан олинган сурат.

Эфанинг ҳикоя қилишича, мактаб қурилиши ва уни сақлаш қисман Янгиобод кончилик бошқармаси томонидан молиялаштирилган. Мактаб ўша даврнинг барча талабларига жавоб берган. Мусиқа адабиёти ва солфеджио бўйича гуруҳ машғулотлари қўш эшикли, деворлари овоз ўтказмайдиган ихтисослаштирилган синф хоналарида ўтказилган. Овоз ёзиш хонасида барча зарур техникалар, жумладан, плеер ва ретранслятор мавжуд эди. Мактаб биноси ичида кутубхона, фотолаборатория, фонотека ва фильмотека фаолият юритган.

маданий мерос агентлиги, мусиқа мактаби, чайковский, янгиобод

Владимир Эфанинг шахсий архивидан олинган сурат.

Таълим муассасаси мусиқа асбоблари етишмаслиги муаммосига дуч келмаган. Иккинчи қаватда жойлашган концерт залининг саҳнасини янгиободлик кўнгиллилар маблағлари ҳисобидан сотиб олинган иккита рояль безаб турарди. Бу ерда тез-тез ўқувчиларнинг ҳисобот концертлари ва шаҳар байрамлари ўтказилган.

80-йилларнинг иккинчи ярмида мактабда косметик таъмирлаш ишлари қилинган, концерт зали тартибга келтирилган, буғли иситиш тизими ўрнатилган. Ўша пайтда бино капитал таъмирга муҳтож эмасди. Болалар бу ерга келишда ва мусиқа ўрганишда давом этган.

маданий мерос агентлиги, мусиқа мактаби, чайковский, янгиобод

Владимир Эфанинг шахсий архивидан олинган сурат.

Мусиқа мактабидаги муаммолар 1990 йилларда бошланган. Янгиободдан одамларнинг оммавий кўчиб кетишлари сабаб ўқувчилар сони кескин камайган. Яқин атрофдаги аҳоли пунктларидан болаларни мактабга ташиб турадиган сершовқин мактаб автобуси ҳам Янгиободга қатнамай қўйган. 1995 йилдан болалар мусиқа машғулотлари учун мусиқа мактабининг Дукентда очилган филиалига қатнай бошлаган. Янгиобод мусиқа мактабининг чолғу асбоблари ва жиҳозлари ҳам ўша ерга ташиб кетилган.

«1985 йилгача мактаб Ангрен шаҳар Халқ таълими бўлимига қарашли эди. Шундан сўнг у ва Халқ таълими вазирлиги тизимидаги бошқа болалар мусиқа ва санъат мактаблари каби Маданият вазирлиги тасарруфига ўтказилди. Бу менга хуш келмаган эди. Мутахассис сифатида шуни айтишим мумкинки, ўша пайтдан бошлаб вилоят ва республикадаги болалар мусиқа мактаблари амалда таълим муассасаси мақомини йўқотди. Илгари улар, ўз мақсадига мос тарзда, умумтаълим мактаблари билан ўзаро алоқада ишлаган бўлса, Маданият вазирлигига ўтказилгандан сўнг улар кўпроқ Маданият уйлари вазифасини бажара бошлади», — дейди Владимир Эфа.

Раҳбарият ва ўқитувчилар жамоаси аста-секин путурдан кетаётган мактаб ҳаётини сақлаб қолиш учун охиригача курашди. 2000 йилларнинг бошларида таълим муассасаси тарқатиб юборилди. Бунга шунчаки эҳтиёж ҳам қолмаган эди: шаҳарда ёшлар йўқ ҳисоби, мактабни сақлаш ва уни тиклаш учун маблағ тўплашга одам йўқ эди.

маданий мерос агентлиги, мусиқа мактаби, чайковский, янгиобод

Сурат: Кирилл Фрис-Раевский.

Ангрен шаҳар ҳокимининг 2015 йил 23 февралдаги буйруғи билан Маданият бошқармаси томонидан мусиқа мактабининг эскирган биноси шаҳар ҳокимияти балансига ўтказилади.

«Ҳокимлик балансига қабул қилингунга қадар бино кўп йиллар давомида фойдаланилмаган, қаровсиз қолиб, яроқсиз ҳолга келган. Асосийси, унда маданий қийматга эга бирор бир объект қолмаган. Туристларда қизиқиш уйғотадиган ягона нарса — фасад ганчлар ва Чайковский бюсти», — дейди Ангрен шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби Гулшода Насибалиева.

Собиқ мусиқа мактабини сақлаш ва таъмирлаш учун маблағ йўқлиги, ундан янгича мақсадда фойдаланиш истаги маҳаллий ҳокимиятни бинони сотиш тўғрисида қарор қабул қилишга ундаган. Тошкент вилояти ҳокими томонидан тегишли қарор 2019 йил 22 апрелда имзоланган.

Шрёдингер меҳмонхонаси

Ангрен ҳокимлиги балансига ўтказилгандан сўнг, мусиқа мактаби биносига биринчи бўлиб 2015 йилда Янгиобод маҳалла қўмитаси кўчиб ўтади. Қўмита биринчи қаватни эгаллаган. Мусиқа мактабига яна одамлар, қариялар тўплана бошлади — пенсия олиш учун.

«Газета.uz» билан суҳбатда бўлганларнинг ҳеч бири бинода қурилиш ишлари қачон бошланганини аниқ эслай олмайди. Фаол Елена Алексееванинг сўзларига кўра, шаҳарликлар бунга унчалик аҳамият бермаган. Улар бу одатдаги косметик таъмирлаш эканлигига амин эдилар.

маданий мерос агентлиги, мусиқа мактаби, чайковский, янгиобод

Сурат: Ангрен ҳокимлиги матбуот хизмати.

Ташрифларидан бирида пенсионерлар шифтдан сув томчилаётганини пайқаган. Бунинг сабаби бинонинг иккинчи қаватидаги, авваллари мавжуд бўлмаган, қурилиши тугалланмаган душ кабиналари бўлган. Маълум бўлишича, мактаб уни меҳмонхонага айлантиришни режалаштираётган Мурод исмли ижарачига ўтказилган. Бу масала юзасидан аҳоли Ангрен ҳокимлигига шикоят билан мурожаат қилган.

«Бино 2019 йилда кимошди савдосига қўйилишидан олдин, у Ўзбекистон бокс федерацияси томонидан бир неча йилга ижарага олинган. Шартнома муддати тугаганидан кейин федерация бинони ноқонуний ишлатишда давом этган. Мактабни меҳмонхонага айлантиришга бир неча бор уринишган. Иккинчи қаватдаги душлар рухсатсиз қурилган. Ўтган йилнинг апрель ойида бўлиб ўтган сўнгги текширувимизда бинода кроватлар, шкафлар, бошқа мебеллар ва собиқ ижарачининг шахсий буюмларини топдик. Ҳеч ким ноқонуний хатти-ҳаракатларга шубха қилмаган, чунки бу вақт давомида у ерда маҳалла қўмитаси фаол ишлаб келган», — дея изоҳ беради Гулшода Насибалиева.

маданий мерос агентлиги, мусиқа мактаби, чайковский, янгиобод

Сурат: Ангрен ҳокимлиги матбуот хизмати.

Ўзбекистон бокс федерацияси бош котиби Шоҳид Тиллабоев «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда айбловларни рад этди. Унинг сўзларига кўра, илгари Янгиобод шаҳридаги бир нечта меҳмонхоналарга эгалик қилган Муродилла исмли тадбиркор мусиқа мактаби биносини боксчилар учун меҳмонхона қуриш баҳонаси билан ҳокимликдан ижарага олган. У ўзини, федерацияга ҳеч қандай алоқаси бўлмаса ҳам, Бокс федерацияси ходими деб таништирган.

«Янгиобод шаҳрида жанговар яккакураш бўйича фақат иккита спорт зали мавжуд. Ҳудудлардан спортчилар ташрифи чоғида ўзаро шартнома қилинган учта меҳмонхона бизни турар жой ва озиқ-овқат билан таъминлайди. Боксчиларнинг машғулот ўтказиши ва яшаши учун шаҳарда бошқа объект мавжуд эмас. Мусиқа мактаби биносига федерациянинг ҳеч қандай алоқаси йўқ ва ҳеч қачон у ерда бўлмаган», — дейди Тиллабоев.

маданий мерос агентлиги, мусиқа мактаби, чайковский, янгиобод

Владимир Эфанинг шахсий архивидан олинган сурат.

Фаолларнинг сўзларига кўра, бинодан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ вазият ошкор бўлгач, объектда қурилиш ишлари тўхтаган. Маҳалла қўмитаси аъзолари томонидан қонунбузарга нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмаган ва масала бости-бости бўлиб кетган. Қурувчининг ўзи барча меҳмонхоналарини сотиб, шаҳардан қочиб кетган.

Шундан бери йилдан-йилга аҳволи тобора ёмонлашаётган мусиқа мактабининг эгалари бир нечта марта ўзгарган. Улардан бири «GELIKON VEST» МЧЖ 2019 йилда объектга инвестиция киритиш ва бешта янги иш ўрни яратиш шарти билан онлайн-аукцион орқали бинони сотиб олган. Мусиқа мактабини капитал таъмирлаш ва меҳмонхонага айлантириш режаси шартнома шартлари бузилганлиги ва ижара ҳақи тўланмаганлиги сабабли амалга ошмади. Шу тариқа бино яна Ангрен ҳокимлиги балансига қайтарилди.

маданий мерос агентлиги, мусиқа мактаби, чайковский, янгиобод

Сурат: Кирилл Фрис-Раевский.

Бинонинг ҳозирги эгаси «Янгиобод мусиқа мактаби»ни 2023 йил бошида онлайн-аукционда сотиб олган. «Газета.uz» билан суҳбатда бўлганларнинг сўзларига кўра, улар бинонинг сотувга қўйилганлигидан бехабар бўлган. Ҳаммаси 2024 йил 15 январь куни мактаб биносига қўшни турар-жойларда истиқомат қилувчилар ишчиларнинг эшиклар, мебелларни бинодан олиб чиқиб ташлаб, қурилиш материалларини тушираётганини кўрганларида ойдинлашган.

На маҳаллий аҳоли вакиллари, на «Газета.uz» мухбири қурувчи билан боғланишга муваффақ бўлди. Ангрен ҳокимлиги тадбиркорнинг маълумотларини ошкор эта олмаслигини, «бундай ваколат йўқ»лигини таъкидлади. Шаҳар ҳокимлиги бинонинг меҳмонхона очишни режалаштираётган янги эгаси билан ундан фойдаланиш шартларини муҳокама қилмаган, дея қайд этди ҳокимлик матбуот котиби Гулшода Насибалиева.

«Бу хусусий мулк бўлганлиги сабабли, ҳокимлик [тадбиркорнинг] ишга аралашишга ва бинони қандай тасарруф этиш бўйича кўрсатма беришга ҳақли эмас — эгаси ундан ўзи хоҳлаганидек фойдаланишга ҳақли. Ўз навбатида, биз бинони бузмаслик, балки унинг тарихий қиёфасини сақлаб қолган ҳолда ички қисмини капитал таъмирлаш ва фасадини реконструкция қилишни таклиф қилдик. Бизнинг тавсияларимиз, шунингдек, мактаб атрофи ва ёдгорликни ободонлаштиришни ҳам ўз ичига олган. У ерда шаҳар аҳолиси ва меҳмонлари хордиқ чиқариши учун ўриндиқлар ўрнатиб, кўкаламзорлаштириш мумкин», — дея тушунтиради Гулшода Насибалиева.

Кейин нима бўлди?

Ижтимоий тармоқларда мактаб тақдиридан хавотир натижасида юзага келган жамоатчилик эътирозининг эртаси куни Тошкент вилояти прокуратураси ва Маданий мерос агентлиги вакиллари Янгиободга ташриф буюрди.

Агентлик сайтида 2024 йил 18 январда эълон қилинган хабардан маълум бўлишича, 2022 йилда илмий экспертлар кенгаши Чайковский номидаги мусиқа мактаби биносини Моддий маданий мерос объектлари миллий реестрига киритишни таклиф қилган, бироқ бу амалга ошмаган. Худди шу хабарда кўрсатилишича, «ҳозирда бинони ўрганиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда». Ҳозирда бу иш ниҳоясига етган ёки йўқлиги, мутахассислар қандай хулосага келгани номаълум. «Газета.uz» Тошкент вилояти Маданий мерос бошқармаси билан боғлана олмагани боис таҳририят тегишли саволлар билан агентлик матбуот хизматига мурожаат қилди.

маданий мерос агентлиги, мусиқа мактаби, чайковский, янгиобод

Сурат: Кирилл Фрис-Раевский.

Янгиободликлар Маданий мерос агентлиги мусиқа мактаби биносини Моддий маданий мерос давлат реестрига киритиш таклифига яна қайтиб, ижобий кўриб чиқишига умид қилмоқда. Одамлар уни сақлаб қолиш кераклиги масаласида якдил. Буни қандай қилиш ҳақида қарашлар турлича.

«Охирги ўн йил давомида мактаб қўлдан-қўлга ўтиб келди, бошқа мақсадларда фойдаланилди. Ачинарлиси шундаки, бу кичик санъат даргоҳи улкан омборхонага айланган ва энди ҳеч қачон болаларга билим бера олмайди, чунки шаҳарнинг аввалги мавқеи қайтмайди, аҳоли сони ҳам кўпаймайди. Қурувчилар ва ходимларга ҳурмат ва миннатдорчилик рамзи ўлароқ бинони меъморий ёдгорлик сифатида сақлаб қолиш мумкин, бироқ шаҳар ҳокимияти учун бу манфаатли эмас. Шу боис, мактабни меҳмонхонага айлантириш, эҳтимол, бу бино деворлари ҳаётини сақлаб қолиб, шаҳарга фойда келтиришнинг ягона йўлидир», — дейди мактабнинг собиқ директор ўринбосари Владимир Эфа.

маданий мерос агентлиги, мусиқа мактаби, чайковский, янгиобод

Сурат: Кирилл Фрис-Раевский.

2021 йилда Чайковский ёдгорлигини реставрация қилиш бўйича жамоатчилик ташаббусида иштирок этган архитектор Владимир Артемьев бинога таълим муассасаси мақомини қайтариш ва иқтидорли болалар марказига айлантириш керак, деб ҳисоблайди. Архитекторнинг сўзларига кўра, Янгиободда бокс федерацияси раҳбарлигида спорт клублари фаолият кўрсатмоқда. Ёзда шаҳарга жисмоний фаолликни ижодий фаолият билан уйғунлаштириши — мусиқа ва санъатни ўрганиши мумкин бўлган кўплаб ёш спортчилар ташриф буюради. Бино орқасидаги бўш ерда ётоқхона ва ошхона қуриш учун жой бор.

«Чайковский номидаги мусиқа мактаби 50-йиллардаги совет неоклассик услубида қурилган ноёб архитектурага эга бино. У мустаҳкам, сифатли, [узоқ] хизмат қилиш учун қурилган ва яна ярим аср хизмат қилади. Уни бузиш ҳатто иқтисодий жиҳатдан ҳам мақсадга мувофиқ эмас. Бу ерда муаммо янги эгаси мактабни меҳмонхонага айлантирмоқчи эканида эмас, балки давлат органлари унга бу ишни қилишга имкон берганида. Бундай тарихий объектларни ҳеч қандай шартларсиз хусусий мулкдорларга сотиш мумкин эмас. Бинони архитектура ёдгорлиги сифатида сақлаб қолишдан расмийлар манфаатдор бўлиши керак», — дейди Владимир Иванович.

Фаол ва Янгиобод бўйича туроператор Елена Алексееванинг айтишича, у ташриф буюрган уран ўтмишига эга бўлган бирор мамлакатда бундай ўзига хос, ихчам ва бир меъморий услубга бўйсунадиган шаҳар йўқ.

«Айни пайтда Янгиободда туризм инфратузилмаси жадал ривожланмоқда. Йилнинг иссиқ мавсумида дам олувчиларнинг катта оқими кузатилади. Биз экскурсия гидлари сифатида ҳар бир бинодан максимал даражада фойдаланишга ҳаракат қиламиз. Мусиқа мактаби бузилса, шаҳар Янгиободда шундоғам бармоқ билан саноқли бўлган туристик объектларидан бирини йўқотади. Томоша қилиш учун ҳеч нарса қолмайди. Энг тўғриси — бинони сақлаб қолиш ва уни кончилар шаҳри тарихи музейига айлантиришдир», — дейди Елена Алексеева.

маданий мерос агентлиги, мусиқа мактаби, чайковский, янгиобод

Сурат: Кирилл Фрис-Раевский.

Туроператор бунга мисол қилиб, Европа Иттифоқи лойиҳаси доирасида яратилган Мойлисой (Майлуу-Суу) шаҳри тарихи ва Қирғизистоннинг Уран мероси музейини келтириш мумкин. Совет даврида Мойлисой уран рудасини қазиб олиш бўйича минтақавий марказ ҳисобланган, бироқ СССР парчаланганидан кейин йирик саноат таназзулга юз тутди. Музей собиқ саноат шаҳрининг тарихи ва анъаналаридан, шунингдек, тоғ-кон ва уран қолдиқларининг маҳаллий аҳоли саломатлиги ва экотизимига таъсиридан ҳикоя қилади.

Шу кунларда, янгиободликларнинг хабар қилишича, мусиқа мактаби биноси ва унга туташ ҳудудда ҳеч қандай қурилиш ишлари олиб борилмаяпти. Унинг тақдири ҳали ҳам номаълум.