Ўзбекистонда 27 февраль куни электр энергиясини етказиб беришдаги чекловлар 700 МВтгача оширилди, дея маълум қилди Энергетика вазирлиги матбуот котиби Ҳасан Тошхўжаев.

Қайд этилишича, 27 февраль куни электр станциялар орқали 240,9 млн кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу сўнгги кунлардаги энг кам кўрсатгич (26 февраль — 244,6 миллион, 25 февраль — 241,9 млн, 22 февраль — 244,2 млн, 21 февраль — 246,8 млн, 20 февраль — 246,6 млн, 19 февраль — 243,9 млн).

Электр энергияси ишлаб чиқариш учун иссиқлик электр станцияларида 43,7 млн кубометр табиий газ (душанба ва олдинги кунларда мос равишда 43,6, 43,3, 42,3, 41,9, 41,7 ва 41,3 миллион), 26,7 минг тонна кўмир (17,2, 20,7, 21, 23,5, 24,8 ва 25,6 минг) ҳамда 10,8 минг тонна мазут (11,1, 11,3, 11,4, 12, 12,6 ва 12,1 минг) ёқилди.

Туркманистондан 22 млн кВт·соат электр энергияси импорт қилинди (22,2, 22,2, 22,5, 20, 20,1 ва 20,6 млн).

27 февраль куни Ўзбекистон бўйлаб асосан куннинг тиғиз вақтларида рекорд даражада — 700 МВтгача чекловлар киритилди (26 ва 25 февраль кунлари — 600, ундан аввалги кунлари 550 МВт дан кўп бўлмаган).

Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, ҳолат яхши томонга ўзгаргунга қадар 28 февраль ҳам куннинг тиғиз пайтларида маълум миқдорда чекловлар киритилиши мумкинлиги қайд этилди.

Газ истеъмоли 154,7 млн кубометрни ташкил қилди (26-февраль — 156,5, 25-февраль — 157,2 млн кубометр). «Табиий газ босимининг ҳали-ҳануз паст эканлиги бу борадаги меъёрий схеманинг тўлиқ тикланишига тўсқинлик қилмоқда», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, барча ҳудудлардаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларнинг иш фаолияти маҳаллий ҳокимликлар томонидан тасдиқланган режа-график асосида тизимли равишда йўлга қўйилмоқда.

Сешанба куни мамлакатдаги (1517 тадан) 561 та ана шундай шохобча орқали аҳолига ва ижтимоий соҳалар объектларига тегишли автомобиллар, шунингдек, жамоат транспортларининг барча турларига 3 миллион 771 минг кубометр табиий газ етказиб берилган (душанба куни — 626 АГТКШлари орқали 4,05 млн кубометр). Автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларига 5 минг 104 тонна автобензин етказиб берилган.

Электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар юзага келган тақдирда, истеъмолчилардан 1154 қисқа рақамига, шунингдек, 71−207−23−76 телефон рақами ёки Telegram`даги (@het_admin) администраторга, газ таъминоти юзасидан 1104, 104 қисқа рақамларига, шунингдек, 71−202−11−04 телефон рақами ёки Facebook ижтимоий тармоғидаги махсус гуруҳга ҳамда кўмир таъминоти юзасидан 78−148−30−03, 71−244−38−28 телефон рақамларига мурожаат қилишлари сўралади.