Европа Иттифоқи кенгаши Украинага босқинининг икки йиллиги арафасида Россияга қўллаган санкциялари рўйхатига Ўзбекистоннинг Mvizion компанияси ҳам киритилди.

Қайд этилишича, чекловлар Украинанинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва мустақиллигига таҳдид солувчи ҳаракатлар учун жавобгар бўлган 106 нафар жисмоний ва 88 нафар юридик шахсга нисбатан жорий этилган. Улар қаторида Ўзбекистоннинг Mvizion компанияси ҳам бор.

Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистри маълумотларига кўра, у 2022 йил июнь ойида ташкил этилган бўлиб, «электрон ва телекоммуникацион ускуналар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари улгуржи савдоси» билан шуғулланади.

1 миллион сўм устав капиталига эга компаниянинг ягона таъсисчиси сифатида Игорь Иевлев (Igor Ievlev) кўрсатилган. У, шунингдек, компания раҳбари сифатида қайд этилган.

Telegram`даги «Пик Скартариса» канали суриштирувларни эълон қилиб борувчи Important Stories сайтидаги маълумотга эътибор қаратган. Мақолада Mvizion ҳақида ҳам сўз борган.

«ID Solutions компанияси Игор Иевлевга тегишли. Ўзининг LinkedIn саҳифасида Иевлев 20 йил давомида бир нечта муваффақиятли IT лойиҳаларини яратган ва ишга туширганини таъкидлайди… Унинг Ўзбекистон пойтахти Тошкентдаги Mvizion компаниясига ҳам алоқаси бор. Божхона маълумотлар базасига кўра, Mvizion Россиянинг ID Solutions компаниясига уруш бошланганидан кейин 1,8 млн доллар қийматидаги маҳсулотлар, жумладан, Американинг Hitech Global ва Nvidia компаниялари товарларини етказиб берган. Урушдан олдин ID Solutions ва Hitech Global тўғридан-тўғри савдо қиларди. Россиянинг ID Solutions компанияси ва Ўзбекистондаги Mvizion компаниясининг эгаси бир шахс — Игорь Иевлев», — дейилади мақолада.

Эслатиб ўтамиз, компания 2023 йилнинг ноябрида АҚШ, декабрда эса Буюк Британия томонидан санкцияга учраган.

Аввалроқ АҚШ Молия вазирлиги Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистоннинг бир қанча компанияларига чекловларни четлаб ўтиб, Россияга маҳсулот етказиб бергани учун санкциялар киритганди. Улар орасида Polarstar Logistics компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонасини ҳам бор.