Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди. Бу ҳақда қуйи палата матбуот хизмати хабар қилди.

Қонун лойиҳаси билан болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш фаолиятини бевосита амалга оширувчи давлат органлари ва ташкилотлар, уларнинг ваколатлари аниқ белгилаб берилмоқда. Бунда болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш фаолиятини бевосита амалга оширувчи давлат органлари ва ташкилотлар Болалар масалалари бўйича миллий комиссия томонидан мувофиқлаштирилиши, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги комиссиянинг ишчи органи, қолаверса, қонун ижросини таъминлаш бўйича ваколатли орган этиб белгиланиши таклиф этилмоқда.

Қонун лойиҳасида болаларга нисбатан зўравонлик шаклларига таъриф берилиб, уларни содир этишни тақиқлаш, қонунга биноан таъқиб қилишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш кўзда тутилмоқда. Болаларга нисбатан зўравонлик шакллари амалдаги учтадан (жисмоний, жинсий, руҳий) олтитага (ғамхўрлик кўрсатмаслик, эксплуатация, буллинг) оширилмоқда.

Буллинг — боланинг бошқа болага мақсадли равишда зарар етказишидир. Бу мунтазам равишда такрорланадиган ва жабрланувчида унга нисбатан зўравонликни тўхтатишига тўсқинлик қиладиган кучнинг номутаносиблигидаги ҳаракат. Буллинг ҳар қандай жойда ва исталган вақтда содир бўлиши мумкин: боланинг кундалик ҳаётида, бевосита муносабатларда ёки ижтимоий тармоқларда. Бу нафақат боланинг диққатини таълимда жамлашига тўсқинлик қилади, балки узоқ муддатли психологик жароҳатларга ҳам олиб келиши мумкин. Буллинг жараёни эътибордан четда қолиб кетиши керак эмас.

Эксплуатация — бу боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, ахлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шаклдаги меҳнатга мажбурлаш;

Ғамхўрлик кўрсатмаслик — ота-оналар зарур имкониятлар, билим ва кўникмалар, шунингдек тегишли хизматлардан фойдаланиш шароитига эга бўлишига қарамай қармоғидаги боланинг соғлиғи, жисмоний, ақлий, маънавий ва ахлоқий ривожланишининг жиддий бузилишига олиб келиши мумкин бўлган жисмоний, моддий, психологик, ижтимоий ва бошқа эҳтиёжларини қондирмаслик.

Мазкур қонун лойиҳаси билан илк бор янги институт жорий қилиняпти. Яъни, эндиликда болаларга ҳам ҳимоя ордери бериш таклиф этилмоқда. Ордер ваколатли орган томонидан зўравонликдан жабрланувчининг қонуний вакилига ёки болани ўз қарамоғига олган бошқа шахсга ҳамда зўравонликдан жабрланувчининг ўзига берилади.

Бундан ташқари, лойиҳада болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишда ота-оналарнинг иштироки ва уларнинг мажбуриятлари белгилаб қўйилмоқда. Жумладан, ота-оналар болаларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиши, уларга ғамхўрлик кўрсатиши ҳамда зарарли таъсир кўрсатувчи ахборотдан ҳимоя қилиши шартлиги, болаларни тарбиялашда уларни жисмоний жазолаш тақиқланиши назарда тутилмоқда.

Қонун лойиҳасида таълим ташкилотларида болаларга нисбатан зўравонликка йўл қўйилмаслиги, таълим муассасаларида интизомий жазо чораси сифатида зўравонликнинг ҳар қандай шакли, шу жумладан, жисмоний жазо ва бошқа шафқатсиз хатти-ҳаракатларни амалга ошириш ёки қадр-қимматни камситувчи муомалани қўллашга йўл қўйилмаслиги қатъий белгиланмоқда.

Таъкидланишича, зўравонлик хавфи остида бўлган болалар тоифаларининг (етим, назоратсиз, ақлий ривожланишда нуқсони бор, фоҳишалик, тиланчилик билан шуғулланаётган болалар) қонун лойиҳасида аниқ белгилаб берилгани, соҳадаги ваколатли органларга зўравонликдан жабрланган, зўравонлик хавфи остида бўлган болаларни аниқлаш, уларнинг ҳисобини юритиш ҳамда зарур ҳолларда уларга нисбатан зўравонликнинг олдини олишга доир якка тартибдаги чора-тадбирларни ўз вақтида амалга оширишига ёрдам беради.

Лойиҳада, шунингдек, зўравонликдан жабрланган болаларнинг ҳуқуқлари ҳамда уларни зўравонликдан ҳимоя қилишнинг умумий ва якка тартибдаги чора-тадбирлари белгиланмоқда. Хусусан, зўравонлик қурбонининг мурожаати, жисмоний ёки юридик шахсларнинг хабарлари, оммавий ахборот воситалари, Интернет жаҳон ахборот тармоғи, шу жумладан, ижтимоий тармоқлардаги хабарлар болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишнинг якка тартибдаги чора-тадбирларини қўллаш учун асос бўлади.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан бир овоздан қабул қилинди.