«Газета.uz» 2024 йил 1 мартдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар рўйхатини тақдим этади. Дайжест Aдлия вазирлиги маълумотлари асосида тайёрланди. Қуйида уларни тўлиқлигича эътиборингизга ҳавола этамиз.

1. Норма ижодкорлиги жараёнида жамоатчилик иштироки кенгайтирилади.

1 мартдан энг муҳим иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини дастлаб жамоатчиликнинг таклиф ва тавсияларини олиб, улар асосида тегишли лойиҳаларни ишлаб чиқиш тартиби жорий этилмоқда.

Ушбу тартибни амалга ошириш механизми сифатида бундай лойиҳалар ишлаб чиқилишидан олдин уларнинг тайёрланиши ҳақидаги ахборот норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилиб, аҳолидан таклифлар йиғилиши белгиланмоқда.

Шу билан бирга, Адлия вазирлиги томонидан лойиҳаларни жамоатчилик таклиф ва тавсиялари асосида ишлаб чиқиш бўйича услубий тавсиялар тасдиқланиши назарда тутилмоқда.


2. Айрим ҳудудларга «экомаҳалла», «экоқишлоқ» ва «экоовул» мақоми берилади.

Президентнинг 2023 йил 31 майдаги қарорига кўра, экологик тоза ҳудуд режими жорий қилинган ҳудудлардаги фуқаролар йиғинларига «экомаҳалла», «экоқишлоқ» ва «экоовул» мақоми берилади.


3. Чет элдан туриб айрим нотариал битимларни расмийлаштириш тартиби йўлга қўйилади.

Президентнинг 2023 йил 11 сентябрдаги қарорига кўра, нотариал идорага келмасдан, шу жумладан, чет элдан туриб мол-мулкдан фойдаланиш билан боғлиқ битимларни (мулк ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказишдан ташқари) электрон рақамли имзодан фойдаланиб, видеоконференцалоқа орқали расмийлаштириш тартиби йўлга қўйилади.


4. Ёшлар раҳбарларга бириктирилади.

Президентнинг 21 февралдаги фармонига кўра, 1 мартдан алоҳида ишлаш талаб этиладиган, шунингдек, истеъдодли ва иқтидорли ёшлар «Ёшлар баланси» асосида вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат иштирокидаги корхона ва ташкилотлар ҳамда олий таълим ташкилотлари раҳбарларига бириктирилади.

Бунда мазкур раҳбарлар ҳар ойда камида бир маротаба ўзларига бириктирилган ёшлар билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва салоҳиятини юзага чиқариш, уларни талаб юқори бўлган касб-ҳунарга ўқитиш орқали бандлигини таъминлаш, ҳаётда ўз ўрнини топиши, шунингдек, ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга ҳар томонлама кўмаклашади.


5. «Қизлар академияси» платформаси ишга туширилади.

Президентнинг 21 февралдаги фармонига кўра,

  • «Ёшлар дафтари» жамғармаси маблағлари ёшларни чет тиллари ва касб-ҳунарга ўқитиш мақсадларига йўналтирилади;
  • ёшларни замонавий касбларга ўқитиш бўйича «Устоз» махсус платформаси ишга туширилади ва дастлабки босқичда мазкур платформа орқали 250 минг нафар ёшлар қамраб олинади;
  • ёш хотин-қизларни тадбиркорлик, маркетинг, график-дизайн каби замонавий касбларга ўргатиш учун «Қизлар академияси» платформаси ишга туширилади ва бу орқали ёш хотин-қизлар учун турли танлов, лойиҳалар, ўқув оромгоҳлари, стажировкалар ташкил этилади.

6. 22 турдаги лицензияланадиган фаолият ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар бекор қилинади.

Президентнинг 9 январдаги фармонига кўра, лицензияланадиган фаолият ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг 22 тури бекор қилинади.

Шунингдек:

  • лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун юридик шахсларга қўлланилган жарима суммаси миқдорининг 50 фоизи 15 кун ичида, 70 фоизи 30 кун ичида ихтиёрий равишда тўланганда, ҳуқуқбузар жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод этилади;
  • лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш жараёнида видео алоқа воситалари ёрдамида талабгорларнинг лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар талаб ва шартларига мувофиқлигини масофадан туриб баҳолаш тартиби жорий этилади;
  • тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказиш ёки қайта рўйхатдан ўтказишда унинг почта манзили сифатида муассиснинг турар жойини кўрсатишга рухсат берилади.

7. Айрим шахсларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш учун мослашувчан иш тартиби жорий этилади.

Президентнинг 2023 йил 27 декабрдаги қарорига кўра, индивидуал ижтимоий хизматлар режасига мувофиқ ўз-ўзига хизмат кўрсатиш, мустақил равишда ҳаракатланиш ва мўлжал олиш имконияти чекланган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий ходимлар ассистентларининг «соатбай» асосда ҳафтанинг барча кунлари хизмат кўрсатиши учун қонунчиликка мувофиқ мослашувчан иш тартиби жорий этилади.


8. Хорижий тиллар бўйича тановлар ўтказилади.

«Беш ташаббус олимпиадаси» доирасида маҳалла, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар тизимида мукофот жамғармаси 600 миллион сўм миқдорида хорижий тиллар («Ибрат фарзандлари») бўйича танловлар, киберспорт мусобақалари ва «Заковат» интеллектуал ўйинлари юқори савияда ташкил этилади.

Касблар танловида ғолиб бўлган ёшларни ўз ҳудудларида жиҳозланган устахоналар билан таъминлаш амалиёти йўлга қўйилади.


9. Васийликдаги шахснинг мол-мулки билан боглик битимлар «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари билан келишилади.

Президентнинг 2023 йил 27 декабрдаги қарорига кўра, васийликдаги шахснинг мол-мулкини тақсимлаш ва унинг тақдирини ҳал этишга қаратилган бошқа битимлар нотариал тасдиқлашдан аввал «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари билан келишилади.


10. «Бизнесга лицензиясиз кириш» махсус режими жорий этилади.

Президентнинг 9 январдаги фармонига кўра, 2025 йил 1 январгача ҳуқуқий эксперимент тариқасида рентген ускунасидан фойдаланиш ва ветеринария лаборатория-диагностика ишларини амалга ошириш фаолиятларини бошлаш учун 3 ойгача ўтиш ва мослашиш даврини белгилайдиган «Бизнесга лицензиясиз кириш» махсус режими жорий этилади.


11. Ногиронлиги бўлган шахслар учун Uzbekistan.travel порталидан фойдаланиш имконияти яратилади.

Президентнинг 12 январдаги қарорига кўра, ногиронлиги бўлган шахслар учун Uzbekistan.travel ягона миллий туристик ахборот порталидан фойдаланиш имконияти яратилади.


12. Аҳолини ҳаво ифлосланиши ҳақида хабардор қилиш бошланади.

Ўзбекистонда аҳолини чанг бўрони ва ҳаво ифлосланишидан огоҳлантиришни бошлаш режалаштирилмоқда. Қурилиш объектларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этиш бўйича мажбурий талаблар жорий этилади.


13. Тошкентда тиғиз вақтларда юк машиналар ҳаракати тақиқланади.

1 мартдан Тошкент шаҳрида юк ташиш учун мўлжалланган, рухсат этилган тўла вазни 10 тоннадан юқори бўлган N2, N3 ва О4 тоифаларига кирувчи автотранспорт воситаларининг ҳаракати тиғиз вақт оралиқларида тақиқланади.

Ушбу чекловлар махсус хизмат, жумладан, коммунал хўжалиги, ободонлаштириш ва Ўзбекистон Қуролли кучларининг юк транспорт воситаларига тааллуқли эмас.