1 мартдан бошлаб Тошкент шаҳрида юк ташиш учун мўлжалланган, рухсат этилган тўла вазни 10 тоннадан юқори бўлган N2, N3 ва О4 тоифаларига кирувчи автотранспорт воситаларининг ҳаракати тиғиз вақт оралиқларида тақиқланади. Бу Шавкат Мирзиёевнинг 21 февралдаги «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини 2024 йилда амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги фармонида кўзда тутилган.

Ушбу чекловлар махсус хизмат, жумладан, коммунал хўжалиги, ободонлаштириш ва Ўзбекистон Қуролли кучларининг юк транспорт воситаларига тааллуқли эмас.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Транспорт вазирлиги мазкур тартибнинг «тўлиқ, сифатли ва сўзсиз» бажарилиши устидан масъул этиб белгиланди.

Малумот:

  • N2 тоифаси — тўла вазни 3,5 тоннадан юқори, лекин 12 тоннадан кўп бўлмаган юкларни ташишга мўлжалланган транспорт воситалари.
  • N3 тоифаси — тўла вазни 12 тоннадан юқори юкларни ташишга мўлжалланган транспорт воситалари.
  • О4 тоифаси — тўла вазни 10 тоннадан ошадиган тиркамалар.