Ўзбекистонда 1 мартдан чанг бўрони содир бўлаётганда ва атмофера ҳавосида майда дисперс заррачалари белгиланган меъёрдан юқори бўлгани аниқланганда аҳолини огоҳлантириш амалиёти жорий этилади.

Бу Шавкат Мирзиёевнинг 21 февралдаги «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини 2024 йилда амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги фармонида кўзда тутилган.

Шу кундан бошлаб юрак-қон томир ва нафас йўллари касалликларига чалинган ҳамда соғлиғи ҳавонинг ифлосланишига таъсирчанлиги юқори бўлган бошқа фуқароларни зарур профилактик чоралар ҳақида мунтазам хабардор қилиш бошланиши керак.

Фармонда, шунингдек, март ойидан бошлаб ўлчами 500 метр квадрат ва ундан ортиқ бўлган қурилиш объектларида, унга кириб-чиқиш йўлларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этиш бўйича мажбурий талаблар жорий этиш топширилган.